Қишлоқ хўжалигини замонавий техникалар билан таъминлашдаги тизимли муаммолар маълум қилинди
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигига етказиб беришни молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, қишлоқ хўжалигини замонавий ва энергия тежамкор қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашда бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, шу жумладан:
биринчидан, қишлоқ хўжалиги техникаси паркининг 65 фоизи маънан ва жисмонан эскирган бўлиб, иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва зудлик билан янгиланишга муҳтожлиги;
иккинчидан, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи корхоналарда асбоб-ускуналар паркининг эскирганлиги, тайёр маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражаси пастлиги;
учинчидан, осма, тиркама ва ихтисослаштирилган қишлоқ хўжалиги техникаларни сотишда имтиёзлар ҳамда субсидиялар мавжуд эмас.
ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва “Ўзагролизинг” АЖ томонидан ишлаб чиқилган 2019 йилда ҳудудлар кесимида, жумладан, лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг қўшимча ҳажмлари параметрлари тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
а) “Ўзагротехсаноатхолдинг”АЖ ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини айланма маблағлари билан таъминлаш мақсадида 400,0 млрд. сўм (40 млн.евро эквивалентида) миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада қарз маблағларини 24 ой муддатга мавсумий қишлоқ хўжалиги техникаларини ўз вақтида ишлаб чиқариш учун бир ой муддатда ажратилишини;
б) “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ таркибига кирувчи корхоналар томонидан 2018 йил IV чорагида лизинг асосида етказиб берилган техникаларнинг якуний ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва ишлаб чиқарувчи корхоналарга мақсадли йўналтириш учун 155,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағларни “Ўзагролизинг” АЖ ва “Ўзмашлизинг” МЧЖ орқали жорий йилнинг 1 мартгача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилишини;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 январдаги “Қишлоқ хўжалигининг техник жиҳозланиш даражасини янада ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3459-сонли қарорига мувофиқ “Ўзагросервис” АЖга ажратилган 200 млрд. сўм қарз маблағини “Агробанк” АТБ орқали бир ой муддатда “Ўзагросервис” АЖга “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ олдидаги қарздорликни сўндириш учун йиллик 3 фоиз ставкада, 10 йил муддатга кредит маблағи ажратилишини;
г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3694-сонли қарорига асосан акциядорлик тижорат Халқ банки устав капиталига 750 млрд. сўм ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки устав капиталига 500 млрд. сўм маблағларни 2019 йил 15 апрелигача йўналтирилишини таъминлайди.
Акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг устав капиталини оширишга йўналтирилган маблағларнинг 30 фоиз миқдоридаги пул маблағларни қишлоқ хўжалиги корхоналарига республикада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги тракторлари, тўрт ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар, кўп вазифали пневматик ва механик сеялкаларни харид қилиш учун, шундан 250,0 млрд. сўми “Ўзагролизинг” АЖга “Ўзмашлизинг” МЧЖ кафиллиги асосида 5 йил муддатга имтиёзли фоиз ставкада кредит бериш орқали молиялаштиришга йўналтирилиши маъқулланиши мумкин.
Белгиланишича, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш қуйидагича молиялаштирилади:
ғалла ўриш ва пахта териш техникаларининг мавсумий ишлатилишини инобатга олиб, уларни ҳамда пахта териш машиналар билан агрегатлаштирилиб ишлатиладиган тракторларни етказиб беришнинг имтиёзли 10 йил муддатгача лизинг асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади;
жорий йилда мавсумий қишлоқ хўжалиги техникаларини ўз муддатларида ишлаб чиқариб етказиб берилишини таъминлаш мақсадида истисно тариқасида Жамғарма маблағлари ҳисобидан етказиб бериладиган техникалар қийматини 50 фоизгача аванс маблағларини лизинг олувчилар томонидан аванс маблағлари шакллантирилгунга қадар ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратилишига рухсат берилади;
2019 йилдан бошлаб республикамизда ишлаб чиқарилган янги замонавий қишлоқ хўжалиги тракторлари, тўрт ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкаларни сотиб олиш учун ажратилган кредитлар ва лизинг бўйича ҳисобланган фоиз тўловлари бюджет маблағлари ҳисобидан қисман қоплаб берилиши жорий этилади.
Республика қишлоқ хўжалиги корхоналари Халқаро молия институтлари томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига қишлоқ хўжалиги техникаларини жумладан пахта териш машиналари, ғалла ўриш комбайнлари, янги замонавий қишлоқ хўжалиги тракторлари, тўрт ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкаларни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖдан сотиб олишлари белгиланади.
“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, лизинг ташкилотлари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлари 2019 йилнинг 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш, молиялаштириш, аниқ буюртмалар портфелини шакллантириш, шартномаларни тузиш, техникалар учун бошланғич аванс тўловларининг белгиланган миқдорларда ўтказиб берилиши таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва “Ўзагролизинг” АЖ билан ҳамкорликда “Ўзагролизинг” АЖга қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг 100,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини 10 йил муддатга, имтиёзли фоизларда, суғурта компанияларининг суғурта полиси таъминоти асосида 2019 йилнинг 1 мартига қадар жалб қилинишини ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги корхоналарга 3 банк иш кунида ўтказиб берилиши мумкин.
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
20:28 / 01.11.2024