Кўпчиликнинг фикрича, бугунги кунда муҳожирлар етказиб бериш бўйича Ўзбекистон энг етакчи давлатлардан бирига айланиб қолган. Аслида ҳам шундайми? Умуман, дунёда қанча одам муҳожирга айланган ва улар қайси давлатлардан қайси давлатларга кўчишган? Қуйида шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Тўғри, сўнгги йилларда миллионлаб юртдошларимиз хорижда яшаб ишлашмоқда. Аммо жуда кўпчилик четга чиқиб кетганини ҳис қилсакда, Ўзбекистон муҳожирлар сони (эмиграция) бўйича ҳам, бизга келувчилар (иммиграция) борасида ҳам кучли ўнликка кирмайди. Ўзбекистонлик муҳожирлар, хусусан меҳнат муҳожирлари асосан 5 йўналиш – Россия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва АҚШга йўл олади.

Хориждаги ўзбекистонликлар томонидан жўнатилаётган маблағ бўйича рейтингда давлатлар жойлашуви сал ўзгаради: Россия (77 фоиз), Қозоғистон (6 фоиз), АҚШ, Туркия (4 фоиздан), Жанубий Корея (2 фоиз).  

Ўзбекистонга айнан ишлаш мақсадида келувчилар деярли йўқ, мамлакатимиз ҳозирча меҳнат муҳожирларини жалб қилувчи давлатлар қаторига кирмаган.

Маълумот учун: Асримизга келиб миграция янги босқичга чиқди. Олдин юз минг ёки миллионларни қамраган бу ижтимоий жараён бугунги кунга келиб юзлаб миллион инсонлар ҳаётига дахлдор бўлиб қолди. Айни пайтда дунё бўйлаб деярли 260 миллион нафардан ортиқ муҳожирлар бор. Уларнинг 165 миллион нафардан ортиғи меҳнат муҳожирлари бўлиб, 96 миллиони эркаклар, 68 миллиони аёллардан иборат. БМТ маълумотларига қараганда, уларнинг сони 2000 йилга нисбатан 49 фоизга ортган.

Меҳнат миграцияси – меҳнатга лаёқатли инсонларнинг юқори даромадли иш илинжида бир давлат ичида ёки давлатлараро (ўзи туғилган давлатдан ташқарига) кўчиши ва бир йилдан ортиқ муддат бўлишидир. Бу кучли иқтисодий омил бўлиб, бир тарафдан ишчиларга бўлган талабни қондирса, иккинчи тарафдан ишсизлик муаммоси оғир бўлган ҳудудлардаги тарангликни юмшатишга хизмат қилади.

Бирор давлатга миграция оқимининг кўпайиш сабаблари оддий ва тушунарли:

1. Иқтисодий ривожланиш;

2. Либерал қонунлар;