Жамият | 19:06 / 15.02.2019
7765
2 дақиқада ўқилади

“Халқаро саратонга чалинган болалар куни” кенг нишонланди

Ўзбек халқи азалдан йиқилганни суяб, ёрдамга муҳтожларга қўл беришга ўрганган. 15 февраль – “Халқаро саратонга чалинган болалар куни”ни кенг нишонлаш мақсадида Республика онкология илмий текшириш марказида ҳаёт синовларига, унинг аччиқ зарбаларига дош бераётган болаларни хурсанд қилиш учун бир гуруҳ ёшлар, эстрада юлдузлари, кино ва театр актёрлари ҳамда машҳур футболчилар жам бўлди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда "Мўъжизалар даври" кўнгилли ёшлар жамоаси томонидан ўтказилган тадбирда болажонлар юлдузли меҳмонлар, рақслар шоуси, қизиқарли ўйинлар, цирк томошаларидан баҳраманд бўлишди.

– Ҳаётнинг ширинлиги, умрнинг мазмундорлиги, албатта, болалар билан. Бугунги томошаларни кўриб, уларнинг кўзлари кулди, атрофида гирдикапалак бўлиб юрган масхарабоз қиёфасидаги опалари, акалари билан ўйинлар ўйнашди. Қуралай кўзларнинг бир кунини бўлса-да, қувончга тўлдирганлар орасида мен ҳам борлигимдан хурсандман, – дейди таниқли актёр Жавоҳир Зокиров.

Шу куни болаларга турли ташкилотлар томонидан совғалар топширилди.

Айниқса, "Мўъжизалар даври" кўнгилли ёшлар жамоаси аъзоларининг ҳайвонлар, гуллар, мультфильм қаҳрамонлари сурати акс эттирилган ранг-баранг расмларга эзгу тилаклар, энг яхши ниятлар ёзиб улашгани болаларнинг рангин дунёсини бойитишга хизмат қилди.

– Менинг исмим Билолбек. Ёшим тўққизда. Болалар билан ўйнамаганимга анча бўлганди. Бугун биз масхарабозлар билан маза қилиб ўйнадик. Рақсларга тушдик. Мен катта бўлсам, ички ишлар ходими бўламан. Ватанимга хизмат қиламан, Онам фахрланадиган йигит бўламан, – дейди Билолбек.

Мавзуга оид