Жамият | 21:52 / 19.02.2019
84192
6 дақиқада ўқилади

Навоийдаги мактаб ётоқхонасида ўқувчилар калтаклангани видеоси тарқалди. Аслида нима бўлган?

Интернетда Навоий шаҳридаги ихтисослаштирган маданият мактаби ётоқхонасидаги ўқувчиларнинг оммавий калтакланиши акс этган видео тарқалгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур ҳолатни кенг муҳокама қила бошлашди.

Видеода ётоқхона коридорида ўндан зиёд бола саф тортиб тургани ва икки йигит уларга бирма-бир мушт туширгани акс этган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Аслида воқеа қандай бўлган? Шу саволга жавоб топиш мақсадида Kun.uz мухбири мактаб ҳудудида бўлди ва мактаб раҳбарияти ҳамда ушбу воқеа иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, бу воқеа 2018 йилнинг 14 октябрь куни юз берган. Ўша куни ётоқхонада масъул бўлган тарбиячи Сулаймон Қўчқоров қуйидагича изоҳ берди.

«Ўша куни соат 22:00да ётоқхонанинг учинчи қаватида яшайдиган ўқувчиларга ухлаш вақти бўлганини айтиб, бошқа қаватлардаги ўқувчилардан хабар олиш учун тушиб кетдим. Орадан бироз вақт ўтиб, юқори қаватдан шовқин эшитилди. Хабар олишга чиққанимда, мактаб ётоқхонасидаги эшиклардан бири синган экан. Эшикни ким синдиргани аниқ эмасди. Кейин маълум бўлишича, ўқувчилар орасидан тайинланган ётоқхона сардори ва юқори синф ўқувчиси мен пастки қаватларга тушганимда эшикни ким синдирганини топиш учун ўқувчилар билан ўзаро орани очиқ қилишган экан. Мактабда чиндан ҳам шундай ҳолат содир бўлган. Лекин бундан хабарим йўқ эди», – дейди у.

Бу воқеадан мактаб директорининг хабари бўлганми?

Навоий ихтисослаштирилган маданият мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи Ғолиб Сатторовнинг айтишича, у бу воқеадан бир ҳафта ўтиб хабар топган. Шундан кейин, 2018 йилнинг 24 октябрида мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси, ўша куни ётоқхонада масъул бўлган Сулаймон Қўчқоровга нисбатан «Ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилган. Ётоқхона сардори ва бошқа ўқувчилардан тушунтириш хати олиниб, тарбиявий ишлар олиб борилган.

Воқеа иштирокчиси, ўқувчиларни урган ётоқхона сардори (исм-фамилияси таҳририятга маълум) билан ҳолат юзасидан суҳбатлашдик.

«Ҳақиқатдан ҳам ўша куни шундай воқеа юз берди. Тарбиячи кетгандан кейин ётоқхонадаги эшикни ким синдирганини аниқлаш ва ўқувчиларни тарбиялаш мақсадида уларни йиғдим. Суҳбат жараёнида бироз қизишиб кетдим ва уларга нисбатан куч ишлатганим рост. Аммо эртасига уларнинг барчасидан узр сўрагандим. Ҳолатни ким видеотасвирга олганини билмайман», – дейди у.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида видеодаги калтакланган ўқувчиларнинг фикрларини ҳам тингладик. Улар шундай ҳолат бўлганини тасдиқлаб, эртаси куни ётоқхона сардори узр сўрагани ва муаммо йўқлигини билдиришди.

Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Гулшан Ҳасанованинг айтишича, у ҳам воқеадан бир ҳафта ўтиб хабар топган ва ўқувчилар билан тарбиявий суҳбатлар олиб борган.

Ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилояти ҳокимлигининг тегишли ва ихтисослаштирилган маданият мактабини тасарруф этадиган вилоят маданият бошқармасининг мутасаддилари фикрини ҳам олдик.

«Мазкур воқеа ҳақида 2018 йилнинг 20 ноябрь санасида хабар топдик. Шундан сўнг тегишли чора-тадбирларни амалга оширдик. Ушбу ҳолат юзасидан бошқармада мактаб директори ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган ҳамда ҳолат танқидий муҳокама этилган. Мактаб директори қаттиқ огоҳлантирилиб, тарбиячи С.Қўчқоровни вазифасидан озод қилиш бўйича тавсия берилган», – дейди Навоий вилояти маданият бошқармаси таълим муассасаларига масъул мутахассиси.

Ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари У.Муродуллаев ҳам ўз фикрларини билдирди:

«Ушбу ҳолатдан хабаримиз йўқ эди. Мактаб раҳбарияти мазкур воқеа ҳақида хабар бермаган. Шу вақтгача таълим муассасаларида бу каби салбий ҳолатлар кузатилмаганди. Албатта, бу борада тегишли чора-тадбирларни амалга оширамиз», – дейди мутасадди.

Навоий вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ф.Солиев ҳам ҳолат юзасидан ўз фикрларини айтиб ўтди:

«Албатта, бу каби салбий ҳолатларни қоралаймиз. Ёшлар тарбияси юзасидан вилоятда чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Айрим мутасаддиларнинг ўз ишига шундай масъулиятсизларча ёндашиши туфайли юз берган биргина салбий ҳолат сабабли бу борадаги барча ишларимиз йўққа чиқмоқда. Келгусида ёшлар тарбияси, маънавий ахлоқи юзасидан амалий ишларни янада кучайтирамиз. Барча таълим муассасаларида тарбиявий-профилактик тадбирларни олиб борамиз», – дейди у.

Навоий ихтисослаштирилган маданият мактабида бўлиб ўтган мазкур воқеа юзасидан ўрганиш давомида масалага бир қадар ойдинлик киритилди. Аслида, ушбу мактабда маънавий-маърифий ишлари талаб даражадаги эмаслиги, айрим масъулларнинг ўзи ишига совуққонлик билан ёндашгани туфайли келиб чиққани кўриниб турибди. Шунингдек, воқеадан ўша вақти хабар топган мактаб раҳбарияти тегишли чораларни кўрмаган. Аслида, ўша вақтнинг ўзида ҳолат юзасидан тегишли органларга ҳуқуқий баҳо бериш учун хабар берилиши лозим эди.

Мазкур воқеа кенг жамоатчиликка ошкор бўлгандан сўнг, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам дастлабки суриштирув ишларини бошлашган.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид