Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори бўйича ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда у Facebook’даги ўз саҳифасида ёзган.
«Президент мактабларини ташкил этиш бўйича куни кеча қабул қилинган қарор ёшларимиз орасида ўзига хос иқтидорга эга бўлганлари учун келгусида ўз истеъдодларини намоён этишга жуда катта имкониятлар очиб беради.
Бу жараённи олмосни бриллиантга айланиш жараёнига ўхшатса бўлади. Эътибор қаратилмаса, олмос ҳам оддий тошга ўхшаб қадрсиздек кўриниши мумкин, лекин ҳақиқий устасининг қўлида у жуда қимматбаҳо бриллиантга айланади.
Ҳозирги кунда, мамлакатимизнинг турли чекка ерларида яшаётган ёшлар орасида иқтидорли ўқувчиларимиз кўп. Президент мактабларининг мақсади эса ана шундай ўзига хос иқтидорли ёшларни вақтида танлай олиш ва уларга юқори малакали мутахассислар томонидан мақсадли таълим ва тарбия берилишидир.
Шу мақсадда, Президентимиз томонидан қўйилган энг асосий ва энг қийин вазифа ҳам айнан танлов жараёнини холис ва тўғри ташкил қилишдир. Албатта, замонавий бино ва ўқув жиҳозлар билан таъминлаш, ўқув жараёнини юқори савияда ташкил этиш ҳам жуда муҳим вазифадир. Лекин танлов тўғри ташкил этилмас экан, катта маблағ сарф қилинадиган бундай ишларнинг ҳам самараси юқори бўлмаслиги аниқ.
Танловни тўғри ва холис ташкил этиш учун нуфузли хорижий ҳамкор ташкилотни жалб этиш режалаштирилган ва ҳозирда қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинмоқда», - деб ёзади Ш.Шерматов.
Эслатиб ўтамиз, қарор билан Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилади.
Қуйидагилар Президент мактабларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;
табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
















