Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент фармони: Социологик тадқиқотлар ўтказиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади
Жамоатчилик фикрининг тизимли мониторингини таъминлаш ҳамда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида унинг натижаларидан фойдаланиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг "Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.
Унга кўра, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази - “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (кейинги ўринларда “Ижтимоий фикр” маркази деб юритилади) этиб қайта номланди.
Фармон билан “Ижтимоий фикр” марказининг асосий вазифалари белгилаб берилди:
а) қуйидагиларда:
· давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида, давлат ва жамият қурилишида – демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада кучайтиришга, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар;
· суд-ҳуқуқ соҳасида – қонун устуворлигини таъминлашга ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлар;
· иқтисодиётда – унинг рақобатбардошлигини оширишга, тармоқларни модернизация қилиш, либераллаштириш ва диверсификация қилишга, давлатнинг иқтисодий жараёнларда иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш сифатини аниқлаш ва ўрганишга, хусусий мулкчилик ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлар;
· ижтимоий соҳада – аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга, унинг бандлигини таъминлашга, реал даромадларини оширишга ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришга, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият, санъат, спорт, илм-фан ва бошқа йўналишларнинг сифатини оширишга, давлатнинг ёшларга оид сиёсатини ва арзон уй-жойлар қуриш дастурларини амалга ошириш чора-тадбирларини бажаришга йўналтирилган ислоҳотлар;
· хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, шунингдек, ташқи сиёсат соҳаларида – мамлакат мудофаа қобилиятини, фуқаролар ўртасида ва динлараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашга, ташқи сиёсат соҳасидаги фаолият самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган ислоҳотлар тўғрисидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
· б) фуқаролар дунёқарашини шакллантиришнинг асосий йўналишларини, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий онги ҳолати ва мазмунини белгилаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти даражасини ўрганиш ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;
в) ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ҳолати ва динамикаси тўғрисида, аҳолининг ижтимоий фикри ҳақида ишончли ахборотни тарқатиш;
г) хорижий тадқиқотчилик амалиётида фаол фойдаланиладиган ва замонавий ахборот ёндашувларига таянадиган социологик тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш техникаси ва технологияларини ишлаб чиқиш, мослаштириш, татбиқ этиш ва уларнинг кенг усулларини қўллаш, жамоатчилик фикрини ўрганиш методологик асосларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш.
Шунингдек, “Ижтимоий фикр” марказини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан таъминлаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Ҳужжатга кўра, “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида мунтазам муҳокама қилинади ва улар бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш амалиётга татбиқ этилади.
“Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижалари оммавий ахборот воситалари, марказий давлат телеканаллари, босма нашрлар ва Марказнинг веб-сайтида доимий ёритиб борилади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ижтимоий фикр” маркази билан биргаликда икки ҳафта муддатда социологик сўровлар якунларини ёритиш мақсадида “O‘zbekiston 24” телеканалида доимий фаолият юритадиган “Ижтимоий фикр” («Общественное мнение») махсус рукни ташкил этилади.
Бундан ташқари, “Ижтимоий фикр” марказига телефон ва Интернет тармоғи орқали ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва мамлакатимиз ҳаётининг бошқа йўналишларига доир долзарб жорий масалалар юзасидан аҳоли ўртасида блиц-сўров ўтказиш учун call-марказ ташкил этилади.
“Ижтимоий фикр” марказининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни мониторинг ва таҳлил қилишда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси”, “Қўнғироқларни қайта ишлаш маркази” (телефон рақамлари 10-00, (0800) 210-00-00) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ахборот тизимлари фаолиятига доир статистик ва бошқа ахборотлардан фойдаланилади.
Мавзуга оид
23:16 / 03.03.2026
Умрбод қамоқ жазоси педофилия жиноятига такроран қўл урган шахсларга тааллуқли бўлади
08:38 / 25.12.2025
Ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар белгиланган таълим муассасасига имтиҳонсиз қабул қилинади
08:53 / 24.12.2025
Паспорт назоратида божхонага хабардор қилиш тартиби жорий этилади
08:48 / 24.12.2025