Жаҳон | 22:48 / 24.02.2019
18790
2 дақиқада ўқилади

Калифорнияда 39 йил қамоқда ўтирган бегуноҳ эркакка 21 млн доллар тўланадиган бўлди

Фото: AP

Калифорниялик Крейг Коли 1978 йилда содир этилган қотилликда айбсиз деб топилгандан кейин Калифорния ҳукуматидан 21 млн доллар оладиган бўлди. Аёл ва унинг 4 ёшли фарзандининг қотиллигида айбланган Коли умрининг 39 йилини қамоқда ўтказган. 

Айбловнинг бош гувоҳи қурбонларнинг қўшниси бўлган. У бир эркакнинг автомобили қўшниси уйи олдида тўхтаганини таъкидлаган. Бошқа қўшни эса қотиллик қурбонлари уйидан шовқин овозларини эшитганини тасдиқлаган.

Коли 2017 йил ноябрда озодликка чиққанда 70 ёшда бўлган. Ҳукуматнинг баёнотига кўра, ҳимоя эркакнинг айбсизлигини исботловчи далилларни аниқлаган. Ўлдирилган аёлнинг уйидаги чойшабида бошқа бир эркакнинг териси қолдиқлари ва бошқа излар топилган. Колининг ДНКси ўлган боланинг кийимида ҳам аниқланмаган. Бундан ташқари, терговчилар ишни қайта очиб, бош гувоҳ ўз уйидан автомобилда ким ўтирганини кўра олмаслигини ўрнатишган.

ABC News нашрининг ёзишича, штат губернатори Жерри Браун Колига 2 млн доллар товон пули тўлаб беришга рози бўлган. Нашрнинг ёзишича, ҳукумат эркакка 21 млн доллардан 4,9 миллионини тўлаб беради, қолган сумма бошқа манбалар, жумладан суғурта тўловлари ҳисобига қопланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид