Жаҳон | 09:15
2164
2 дақиқада ўқилади

Калифорнияда АҚШнинг B-52 стратегик бомбардимончиси қулади

АҚШнинг Калифорния штатида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли B-52 стратегик бомбардимончиси қулаши оқибатида бортда бўлган саккиз нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Ҳодиса юзасидан текширув бошланган.

Фото: AP

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг «Эдвардс» авиабазаси маълумотига кўра, Boeing B-52 русумли стратегик бомбардимончи 15 июн куни Лос-Анжелес шаҳрининг шимолида ҳалокатга учраган. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 11:20 да парвозни бошлаганидан кўп ўтмай қулаган.

Расмийларга кўра, ҳаво кемаси бортида саккиз нафар экипаж аъзоси бўлган. Дастлабки баҳолашларга кўра, ҳалокат шунчалик оғир бўлганки, омон қолиш имконияти мавжуд бўлмаган.

Ҳодиса содир бўлган ҳудудда қутқарув ва фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда. Айни пайтда авиаҳалокат сабабларини аниқлаш мақсадида махсус комиссия томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

B-52 бомбардимончиси АҚШнинг энг машҳур ва энг узоқ хизмат қилаётган ҳарбий самолётларидан бири ҳисобланади. У 1950-йилларда, СССР ва АҚШ ўртасидаги «совуқ уруш» авж олган даврда яратилган. «Стратосфера қалъаси» номи билан танилган мазкур самолёт ядровий қуролларни ташиш ва узоқ масофали зарбалар бериш имкониятига эга.

Очиқ манбаларга кўра, B-52 иштирокидаги сўнгги йирик ҳалокат 2008 йилда Тинч океанидаги Гуам ороли яқинида содир бўлган. Ўшанда ҳам самолёт қулаши оқибатида олти нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган эди.

Мазкур воқеа АҚШ ҳарбий авиацияси учун сўнгги йиллардаги энг оғир фожиалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид