Спорт | 18:00 / 25.02.2019
16573
10 дақиқада ўқилади

«Безорилик»ни бас қилган «Ливерпуль», 4-ўринга қайтган «Арсенал», «Тоттенҳэм»нинг ўйинида реклама қилинган Ўзбекистон – АПЛда тур воқеалари

Дам олиш кунлари Англия Премьер-Лигасида 27-тур ўйинлари ўтказилди. Бу турда қизиқарли воқеалар кўп бўлди. «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги фарқ максимал даражада камайди, «Арсенал» «жонажон» 4-поғонасига қайтди ва биз учун энг муҳими, АПЛнинг бу турида стадионлардан бирида Ўзбекистон реклама қилинди. Қуйида шу ва бошқа қизиқарли воқеаларни эслаймиз.

«Ливерпуль» энди «безори» эмасми?

Турнинг марказий баҳси «Олд Траффорд»да ўтказилди. «МЮ» ўз майдонида азалий рақиби «Ливерпул»ни қабул қилди. Ўйинда ҳисоб очилмади ва Клопп жамоаси етакчиликни сақлаб қолди. Бу баҳсда ҳозир жуда яхши ҳолатда бўлган ва «қасос ўтида ёнаётган» «МЮ»нинг имкониятлари юқорироқ баҳоланаётганди, лекин биринчи бўлимда шундай воқеалар бўлиб кетдики, «Ливерпуль» яққол фаворитга айланиб қолди.

Сульшер 43-дақиқага келиб барча захира имкониятларидан фойдаланиб бўлди. Аввалига Андер Эррера ва Хуан Мата 4 дақиқа ичида (21 ва 25-дақиқада) жароҳат олиб майдонни тарк этишди. 43-дақиқада эса Матанинг ўрнига захирадан тушган Лингард ҳам жароҳат олиб алмаштирилди. Етмаганига Маркус Рэшфорд ўйин давомида дискомфорт ҳис қилиб ўйнади. Дарвоқе, АПЛда 4 йилдан буён ҳеч бир жамоа бир таймнинг ўзида учта ўзгариш қилмаганди.

«МЮ» биринчи бўлимдаёқ шундай қийин аҳволда қолганига қарамай, «Ливерпуль» бундан фойдалана олмади. «МЮ»нинг энг муҳим чизиқ ҳисобланган майдон марказида иккита янги футболчининг пайдо бўлгани ҳам (марказ бир қадар тажрибасиз Анреас Перрейра ва Скотт Мактоминейга қолиб кетганди. Погба билан бирга, албатта) «Ливерпул»нинг ўтган мавсумдаги каби «безори» жамоага айланиб, кетма-кет ҳужумлар амалга оширишига олиб келмади. Қайтанга Клопп жамоаси ўйин охиригача прагматик ҳаракат қилишда давом этди ва 0:0 ҳисобига розидек кўринди.

«Арсенал» 4-ўринга қайтди

27-турдан кейин жадвалнинг юқори қисмида ўзгариш юз берди. «МЮ»нинг ўз майдонида очко йўқотганидан унумли фойдаланган «Арсенал» майдонида «Саутҳэмптон»ни мағлуб этиб «жонажон» 4-поғонасига қайтди. Шу куни голлардан бирига муаллифлик қилган Александр Ляказетт «Арсенал»нинг охирги 7 йилдаги кетма-кет 4 та уй ўйинида гол урган илк футболчисига айланди. Бундай натижани охирги марта Робин ван Перси қайд этганди.

«Ҳаёт Ўзбекистонга бормаслик учун жуда қисқа»

АПЛнинг 23 февраль куни ўтказилган «Бёрнли» ҳамда «Тоттенҳэм» жамоалари ўртасидаги ўйини ўзбек футбол мухлисларининг хотирасида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди. Чунки бу ўйин давомида «Терф Мур» стадионида Ўзбекистон реклама қилинди. Стадиондаги реклама экранларида «Life is too short not to visit Uzbekistan» (Ҳаёт Ўзбекистонга бормаслик учун жуда қисқа) ёзуви пайдо бўлди. Бу рекламани оз эмас, кўп эмас нақ 200 миллион одам томоша қилди. «Ўзбектуризм»нинг айтишича, ташкилот бу рекламани бепул жойлаштириш бўйича келишувга эришган.

Англияда ҳам стадионнинг суви очилиб кетади...

Яқинда Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи плей-оффидан ўрин олган «Пахтакор» ҳамда «Эйр Форс» жамоалари ўртасидаги ўйинда «Пахтакор» стадионидаги суғориш тизими очилиб кетгани ёдингизда. Бундай ҳолатлар Европада ҳам бўлиб туришини АПЛ 27-турида кўрдик. «Борнмут» ҳамда «Вулверҳэмптон» жамоалари ўртасидаги ўйиннинг 90+5-дақиқасида «Дин Корт» стадионининг суғориш тизими ишлаб кетди. Бизда кўпчилик «Пахтакор»даги воқеани муаммо дея бонг урди, лекин Англияда бу ҳолатни футболчилар ҳам, мухлислар ҳам қувноқ тарзда қабул қилишди.

«Yes Kane – no party»

«Бёрнли» - «Тоттенҳэм» ўйинида Ўзбекистоннинг реклама қилингани ҳақида айтдик. Бу баҳсда яна бир диққатга сазовор воқеа содир бўлди. 13 январь куни ўтказилган «МЮ»га қарши ўйинда жароҳат олган «Тоттенҳэм» етакчиси Харри Кейн сафга қайтди ва «Бёрнли»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлади. Кейн шу куни 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди. Бир нарсага эътибор бериш керак: «Тоттенҳэм» Кейн жароҳат олиб сафдан чиққанидан сўнг қийин аҳволда қолиши кутилганди, лекин жамоа Кейнсиз АПЛнинг 4 та ўйинида қатнашиб барчасида ғолиб бўлди. Кейн сафга қайтиши билан эса ўртамиёна «Бёрнли»га енгилди.

Салоҳ «МЮ» «тавқи лаънати»ни енга олмадли

«МЮ» - «Ливерпуль» ўйинида ҳисоб очилмагани ҳақида айтдик. Бу ўйинда АПЛ тўпурари Муҳаммад Салоҳ ўзининг ёқимсиз анъанасини буза олмади. Гап шундаки, Салоҳ «Ливерпул»га келгач, жамоанинг асосий рақиби «МЮ»га қарши 4 та ўйинда қатнашди ва бирор марта самарали ҳаракатни амалга ошира олмади. Салоҳ «МЮ»га қарши ўйинларда гол ҳам урмаган, ассистентлик ҳам қилмаган.

33 йил кутилган ҳэт-трик

27-турнинг кутилмаган натижаларидан бири Уэльсда кузатилди. Хавьер Грасия мураббийлигида мавсумни яхши ўтказаётган «Уотфорд» меҳмонда «Кардифф»ни 5:1 ҳисобида енгди. «Арилар» сафида клубнинг тирик афсонаси Трой Дини иккита гол урган бўлса, испаниялик Жерар Деулофеу ҳет-трик қайд этди.

Эътиборлиси, «Уотфорд»нинг қайсидир футболчиси 33 йил ичида илк марта Англия юқори дивизионидаги бир ўйинда учта гол урди. Янги форматдаги АПЛ баҳсларида эса Деулофеу ҳет-трик муаллифига айланган илк «Уотфорд» футболчиси бўлди.

«Биз қуруқ дарвозабонлармиз». Де Хеа АПЛда 100 та «қуруқ» ўйин ўтказган 15-дарвозабон бўлди

«МЮ» посбони Давид Де Хеа «Ливерпуль» билан ўйинда ўзига хос натижа қайд этди. Шу куни ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Давид АПЛдаги 100-қуруқ ўйинини ўтказди ва бундай натижага эришган 15-дарвозабонга айланди.

«Қуруқ» ўйинлар борасида АПЛда Петер Чех (202 та ўйин) яққол етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларни эса Дэвид Жеймс, Марк Шварцер, Дэвид Симен каби дарвозабонлар боришмоқда.

Турнир тўпурарлари

Англия чемпионати
27-тур
Манчестер Юнайтед – Ливерпуль 0:0
Манчестер Юнайтед: Де Хеа, Янг, Смоллинг, Линделёф, Шоу, Эррера (Перейра, 21), Мактоминей, Погба, Мата (Лингард, 25; Санчес, 43), Лукаку, Рэшфорд.
Ливерпуль: Алиссон, Милнер, Матип, ван Дейк, Робертсон, Ҳендерсон (Шакири, 72), Фабиньо, Вейналдум, Салоҳ (Ориги, 79), Фирмино (Старридж, 31), Мане.

Арсенал – Саутҳемптон 2:0
Голлар: Ляказетт (6), Мхитарян (17).
Арсенал: Лено, Лихтштайнер (Косьельни, 56), Мустафи, Папастатопулос, Колашинац, Торрейра, Жака, Мхитарян, Рэмзи (Ўзил, 63), Ивоби (Обамеянг, 75), Ляказетт.
Саутҳемптон: Ганн, Беднарек, Стивенс (Остин, 46), Вестергор, Валери, Хейберг, Ромеу, Уорд-Проуз, Таргетт, Армстронг (Обафеми, 46; Эльюнусси, 65), Редмонд.

Кардифф – Уотфорд 1:5
Голлар: Бамба (82) – Деулофеу (18, 61, 63), Дини (73, 90).
Кардифф: Этериж, Манга, Моррисон, Бамба, Бакуна, Артер, Роллс (Мендес-Лэйнг, 67), Беннетт, Патерсон, Ньяссе (Зохоре, 71), Мерфи (Хойлетт, 56).
Уотфорд: Фостер, Янмат, Мариаппа, Кэткарт, Мазина, Дукуре, Капу (Клеверли, 79), Хьюз, Перейра (Кина, 71), Деулофеу (Грэй, 86), Дини.

Вест Ҳэм – Фулҳэм 3:1
Голлар: Чичарито (29), Диоп (40), Антонио (90) – Бабел (3).
Вест Ҳэм: Фабианьски, Сабалета (Фредерикс, 46), Диоп, Огбонна, Крессуэлл, Райс, Антонио, Нобл, Снодграсс, Фелипе Андерсон (Лансини, 76), Эрнандес (Арнаутович, 64).
Фулҳэм: Рико, Одои, Нордтвейт, Рим, Брайен, Кэрни, Чемберс, Сери (Замбо-Ангисса, 46), Сессеньон (Маркович, 46), Бабел, Митрович.

Бёрнли – Тоттенҳэм 2:1
Голлар: Вуд (57), Барнс (83) – Кейн (65).
Бёрнли: Хитон, Бардсли, Тарковски, Ми, Тэйлор, Хендрик (Брэйди, 80), Вествуд, Корк, Макнил (Гудмундссон, 80), Барнс, Вуд.
Тоттенҳэм: Льорис, Фойт (Ламела, 76), Алдервейрелд, Вертонген, Орье, Сиссоко, Уинкс (Льоренте, 62), Роуз, Эриксен, Кейн, Сон Хён Мин (Лукас Моура, 88).

Ньюкасл – Ҳаддерсфилд 2:0
Голлар: Рондон (46), Перес (52).
Ньюкасл: Дубравка, Йедлин, Шер, Ласселс, Лежен, Ричи (Кенеди, 68), Перес, Хэйден, Лонгстафф, Альмирон (Атсу, 81), Рондон (Хоселу, 84).
Ҳаддерсфилд: Лессль, Смит, Йоргенсен, Шиндлер, Леве, Муй, Хогг, Бакуна (Биллинг, 69), Качунга, Депуатр (Мунье, 76), Панчон (Хадерджонай, 24).
Четлатиш: Смит (20).

Борнмут – Вулверҳэмптон 1:1
Голлар: Кинг (14, пенальти) – Хименес (83, пенальти).
Борнмут: Боруц, Клайн, Мифем, Аке, Смит, Айб, Гослинг, Лерма, Фрэйзер, Кинг, Соланке (Муссе, 90).
Вулверҳэмптон: Руй Патрисиу, Беннетт, Коуди, Боли, Доэрти, Дендонкер (Траоре, 77), Рубен Невеш, Моутинью, Кастро, Хименес (Саисс, 88), Диогу Жота (Кавалейру, 66).

Лестер – Кристал Пэлас 1:4
Голлар: Эванс (64) – Батшуайи (40), Заа (70, 90), Миливоевич (81, пенальти).
Лестер: Шмейхель, Рикарду Перейра, Эванс, Магуайр, Фукс, Тилеманс (Ихеаначо, 74), Ндиди, Мэддисон, Геззаль (Грэй, 46), Варди, Барнс (Окадзаки, 85).
Кристал Пэлас: Гуаита, Уорд, Томкинс, Сако (Дэнн, 77), ван Анхолт, Макартур, Миливоевич, Шлюпп, Таунсенд (Куяте, 80), Батшуайи (Айю, 86), Заа.

Мавзуга оид