19:00 / 26.02.2019
40965

Фоторепортаж: Андижон марказий поликлиникасида иситиш қозони портлаши тафсилотлари

Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси шаҳар аҳолисига бирламчи ихтисослашган поликлиника хизматларини кўрсатади.

Бугун, 26 февраль куни соат 10:26да мазкур тиббиёт муассасаси ҳудудидаги «Иссиқлик манбаи» АЖга қарашли иситиш қозонида портлаш рўй берди.

Бахтсиз ҳодиса ташкилотнинг айни иш қизғин пайтига тўғри келган бўлиб, поликлиникада тиббий кўрикдан ўтаётган Андижон шаҳар 4-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчилари турли даражада енгил жароҳат олишган. 18 нафар ўқувчи Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травмотология қабулхонасига олиб келиниб, тезкор тиббий ёрдам кўрсатилган. 

«Улар зудлик билан зарур текширувлардан ўтказилиб, шифокорлар томонидан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. 18 нафар бемор кузатув остида бўлиб турибди. Олиб келинганлардан 4 нафари ҳолати текширилиб, нейрореанимация бўлимига ётқизилди, жумладан, 2 нафар беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 10 нафар қўшимча мурожаат қилганларга амбулатор-психологик ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Kun.uz мухбири поликлиникага бориб, рўй берган ҳодиса тафсилотлари билан батафсил танишди. Шаҳар «Иссиқлик манбаи» жамиятига қарашли бўлган қозонхона тиббий муассаса биносининг орқа томонига жойлашган экан. Поликлиниканинг рентген хонасига кириш йўли бинонинг айнан орқа томонида бўлиб, ҳодиса пайтида ўқувчилар қозонхонага яқин жойда бўлишган.

Қозонхонада носозлик туфайли портлаш юз берган ва ундаги ускуналар бўлиниб кетган. Қозонхонани ўраб турган тунука девор ҳам сочилиб ётибди. «Иссиқлик манбаи» ДУКга қарашли Модул қозонхона 3та АКС-100 русумли иситиш қозонларидан иборат.

Қозонхона бундан 9 йил олдин, 2010 йили ишга туширилган бўлиб, шартнома асосида марказлашган тартибда муассасани иссиқлик билан таъминланиб келади. Иситиш қозонлари табиий газ ёқилғисига мослашган. Портлаш сабаблари ҳозирда Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ўрганилмоқда.

Жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, зарур дори-дармонларни етказиб бериш бўйича барча чоралар кўрилган. Вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган, мазкур ҳолат юзасидан, содир бўлган вазиятнинг келиб чиқиш сабаблари, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимияти, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ҳамда «Ўзтрансгаз» мутахассислари таркибидан иборат комиссия тузилган.

Top