Жаҳон | 21:33 / 26.02.2019
7747
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ким Чен Ин билан учрашгани Ханойга етиб келди

Фото: AFP 2019 / Kham / Pool

АҚШ президенти Дональд Трамп Вьетнам пойтахти Ханойга етиб келди. Трамп бу ерда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан иккинчи саммитни ўтказади.

АҚШ-Шимолий Корея саммити 27-28 февраль кунлари бўлиб ўтади. Трамп JW Marriott меҳмонхонасида тўхташи кутилмоқда.

Оқ уйда маълум қилинишича, Трампнинг расмий дастури 27 февралда бошланади. Унинг илк тадбири маҳаллий вақт билан соат 11га белгиланган: АҚШ президенти Вьетнам президенти Нгуен Фу Чонг билан учрашади. Шундан кейин Вьетнам делегацияси билан кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Шунингдек, савдо бўйича ҳужжат имзоланиши кутилмоқда, бироқ унинг мазмуни ҳозирча маълум қилинмаган.

Сўнгра Трамп Вьетнам бош вазири Нгуен Суан Фук билан учрашади. Шунингдек, ишчи ланч белгиланган.

АҚШ президенти Ким Чен Ин билан кечга яқин учрашади. Музокаралар ўтадиган жой номи ҳозирча ошкор қилинмаяпти. 

АҚШ ва Шимолий Корея етакчилари бирга-бир форматда учрашув ўтказишади, сўнгра кечки тановул бўлиб ўтади. Унда АҚШ давлат котиби Майк Помпео, Оқ уй аппарати раҳбари вазифасини бажарувчи Мик Малвени ҳам иштирок этади. Ким Чен Инга эса Корея меҳнат партияси марказий қўмитаси раиси ўринбосари Ким Ён Чхол ҳамроҳлик қилади.  

Мавзуга оид