Тошкент-Остона-Тошкент йўналишида халқаро автобус қатнови йўлга қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги 3584-сонли “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан миллий ташувчи "Uzautotrans Service" МЧЖ ва Қозоғистоннинг "КазАвтоТранс" корхонаси “Тошкент- Остона-Тошкент” йўналишида мунтазам халқаро автобус қатновини йўлга қўйди. Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га шу ҳақида маълум қилди.
Мазкур йўналиш масофаси 1646 км бўлиб, йўловчилар 27 соату 30 дақиқада манзилига етказилади. Йўл ҳақи 312 000 сўм этиб белгиланган. Мазкур йўналишда Қозоғистон томонидан - VANHOOL, Ўзбекистон томонидан эса замонавий YUTONG автобуслари хизмат кўрсатади.
Автобуслар Остона шаҳридан Қозоғистон вақти билан соат 15:00, 16:00, 17:00, 18:00 да йўлга чиқади. Пойтахт Тошкент шаҳридан эса 12:00, 14:00, 16:00, 18:00 да жўнаб кетади.
10 март кунидан эътиборан мазкур йўналишда ҳар куни биттадан рейсни амалга ошириш режалаштирилган. Келгусида эса қатновларни кунига 4 маротабага етказиш кўзда тутилган. Ушбу йўналиш бевосита Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳри орқали ўтади. Бу ерда ҳам йўловчиларни тушириш ва олиш назарда тутилган. Қарағанда шаҳригача йўлкира нархи 260 000 сўмни ташкил этади.
Шу кунга қадар Қозоғистон Республикасига Тошкент-Чимкент, Тошкент-Олмаота, Тошкент-Қизил Ўрда, Тошкент-Туркистон, Нукус-Ушкунур, Чирчиқ-Ушкунур йўналишларида қатновлар амалга оширилмоқда.
Халқаро автобус қатновларининг ортиб бориши давлатлар ўртасида аҳоли қатновини кўпайтириш ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шуингдек, қўшни давлатларнинг савдо-иқтисодий алоқалар ривожланишига ижобий туртки беради.
Мавзуга оид
21:21
Урганчга Хитойдан 30 дона замонавий автобус олиб келинди
20:17
Покистонда тўй автобуси дарёга қулаши оқибатида 22 киши ҳалок бўлди
18:38
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
09:26