Жамият | 19:49 / 05.03.2019
19840
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик олимлар ва университетлар халқаро рейтинглардан ўрин олиши учун нима қилиш керак? Elsevier минтақавий директори Алия Оспанова билан интервью

Яқинда Ўзбекистоннинг энг яхши олимлари ва университетларини тақдирлашга бағишланган ScopusAwards маросими бўлиб ўтди.  Бу Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги биринчи тадбир ҳисобланади. Ғолиблар Elsevier илмий журналларида чоп этилган мақолалар бўйича сараланади. Kun.uz ўзбекистонлик олимлар ва университетлар вакилларининг халқаро рейтинглардан ўрин олиш учун билишлари керак бўлган маълумотлардан хабардорлигини ошириш мақсадида Elsevier’нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова билан интервью ташкиллаштирди. 

- Суҳбатимиз авввалида ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун Elsevier ўзи нима эканига оид изоҳ бериб ўтсангиз.

- Elsevier бугунги кунда дунёдаги энг катта илмий компания ҳисобланади. Компаниямизнинг асосий мақсади бутун жаҳонда илм-фанни ривожлантиришдир. Elsevier 1880 йилда ташкил топган ва ўша даврдан то 2019 йилга қадар бизнинг журналларимиз энг кўп ўқилувчи ва энг кўп ҳавола берилувчи илмий журналлар ҳисобланади. Улар дунё миқёсида энг юқори импакт-омил (илмий журналнинг моҳият кўрсаткичи)га эга, яъни бошқача айтадиган бўлсак, масалан, Ўзбекистон олимларининг бизнинг журналларимизда чоп этилувчи мақолаларига ўртача 9-11 марта ҳавола берилади, бу эса жуда юқори кўрсаткичдир.

Ҳозир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мамлакатдаги барча университетларга Elsevier жиҳозларидан фойдаланиш, барча журналларимиз ва илмий мақолаларимизни бепул юклаб олиш, шунингдек журналларимизда мақолаларни чоп этиш имкони тақдим этилмоқда. Бу, масалан, андижонлик олим мақоласининг Стэнфорд олими билан бир журналда чоп этилиши, Ҳарвард олимига эса Фарғона олимининг мақолаларини ўқиши учун имкониятдир. Менинг фикримча, бу барча чегараларни йўқ қилувчи ва Ўзбекистон илм-фанига жаҳон майдонига чиқишга ёрдам берувчи ажойиб имконият ҳисобланади.

Фото: Elsevier’нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова

- Шу ўринда Scopus рейтинглар коэффициенти қандай ҳисобланишига ойдинлик киритсак. Бундай жараёнларни ҳали яхши тушунмайдиган ёш олимларимиз халқаро рейтинглардан қандай ўрин олиши мумкин?

- Scopus – дунёнинг энг нуфузли илмий-таҳлил рейтинг платформаси бўлиб, у илмий мақолалар муаллифлари, олимлар рейтинги, журналлар, ташкилотлар, мамлакатлар рейтингларини тузиш имконини беради. Улардан қандай ўрин олиш мумкинлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, бажарилиши керак бўлган асосий вазифа – илмий мақола ёзиш. Рейтингда ўсиш учун мазкур илмий мақолага ҳавола берилиши керак (қанча кўп бўлса, шунча яхши), олимлар ўз маърузаларида уни тилга олишлари керак. Бу ушбу мақолага ҳавола берилиши унинг илмий ҳамжамият учун ҳақиқатда муҳим эканини билдиради. Рейтингларимиз шу тарзда тузилади.

- Баъзи маълумотларга кўра, Scopus'да илмий мақола чоп этиш жуда қиммат экан. Шунга изоҳ бериб ўтсангиз. 

- Жуда муҳим савол, зеро бу ерда шу каби вазиятларга кўп дуч келяпман. Мендан “Scopus'да мақола чоп этиш неча пул? Нима учун бундай қиммат?” деб сўрашади, турли рақамларни келтиришади, дейлик, 200 ёки 300 доллар. Аслида эса Scopus'да илмий мақола чоп этиш – бепул. Scopus'да мақолангиз чиқиши учун ҳеч қандай тўлов керак эмас! Тўлов киритиладиган алоҳида OpenAccess журналлар гуруҳи бор, улар барча илмий журналларининг 20 фоизини ташкил қилади, бироқ бу журналлар Ўзбекистонда ҳали танилмаган. Мен Ўзбекистонда дуч келадиган асосий муаммо –олимларнинг вазиятни яхши билмаслиги, улар кимлардандир Scopus'да мақола чиқариш учун “фалончига тахминан 200 доллар тўлаш керак экан”лигига оид миш-мишларга ишонишади. Бу фейк, ёлғон маълумот! Scopus'да илмий мақола чоп этилиши учун умуман ҳеч қандай тўловга ҳожат йўқ. Барчаси мутлақо бепул.

- Сизнинг фикрингизча, сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон илм-фанида қанчалик ўсиш кузатилди?

- Ҳозир жаҳон илмий ресурсларига кириш имконини қўлга киритган Ўзбекистон мамлакатда таълим хаби учун пойдевор ясаб, ишончли позицияни эгаллаб турибди. Ўзбекистонда нима бор? Энг аввало, тарихий устуворлик, генетик мойиллик, яъни илмий кашфиётлар устуворлиги бу ерда генетик асосга эга. Ўзбекистон университетлари  илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантиришга тайёр. Халқ буни кутган. Шунчаки одамлар буни қандай амалга оширишни билишмаган. Бугун эса бунга замин яратилди. Биз олимларни коллабораторларни тўғри излаш, жаҳон олимлари Ўзбекистон илмий журналларида мақолалари чоп этилиши исташлари учун маҳаллий журналларни қандай қилиб яхшилаш мумкинлигини ўргатдик. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги бундай илмий пойдевор бошқа мамлакатлар, масалан, Тожикистон ва Туркманистон олимларига ҳам катта имконият яратади, зеро бу мамлакатлар вакиллари ҳозирча ўз юртида бундай имкониятга эга эмас, бугунги кунда улар тизимга кириб, ундан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюришмоқда.

Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон илм-фанида шиддатли ривожланиш кузатилди. Натижалар ҳақида гапирадиган бўлсак, гап шундаки, бизнинг тизимимиз уларни дарҳол кўрсатади, яъни статистикани тезда юклаб олиш мумкин бўлади. Унга кўра, Ўзбекистонда илм-фан 20 фоизлик ўсишни қайд этган, бу эса яхши натижа, тезкор ўсишдан далолатдир. Бундай суръатларда ўсадиган бўлсак, яна икки йилдан кейин нима бўлишини тасаввур қилаверинг.

- Ўзбекистондаги фаолият давомида қандай муаммолар кузатилмоқда? Масалан, ижтимоий тармоқларда баъзи ўзбек олимларининг рейтинг натижаларидан норози эканини кузатиш мумкин.

- Гап шундаки, Ўзбекистонда турли телеграм-каналларга аъзо бўлиб, уларда берилаётган маълумотларга ишониб қолаётган олимлар талайгина. Бу каналларда Scopus'да мақола чоп этилиши учун маълум бир суммани тўлаш талаб этилади ва баъзилари ҳатто кафолат ҳам беради. Олимлар талаб қилинган миқдордаги тўловни киритиб, натижа бўлмагач, бизга мурожаат қилишади: “Биз пул тўладик, лекин афсуски, Scopus'да менинг мақолам чиқмади”. Аслида эса ваъда қилинган нашрнинг ўзи бўлмаган. Телеграм-каналда берилган маълумот эса юз фоизлик фейк, сохта хабар. Scopus'га кириш имконига эга олимлар буни бемалол ISSN (ҳар қандай нашрни аниқлаш имконини берувчи халқаро стандарт серияли рақам) бўйича текшириши мумкин. Бу биринчи муаммоли вазият.

Иккинчи муаммоли вазият. Ижтимоий тармоқлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ўзбекистонлик бир олим билан боғлиқ вазият кўпчилик орасида тарқалди. Аслида Жаҳонгир – етук олим, Ўзбекистонда урология ривожига улкан ҳисса қўшган билимли ёш олим. Шундай бўлса-да, унинг хатоси нимада? У Scopus'даги икки профилини бирлаштирмаган. Бундай ҳолатлар бўлиб туради, масалан, олим икки профилга эга бўлиб, уларнинг бирида - Jakhongir, иккинчисида эса Jahongir сифатида қайд этилган. У бунга қадар журналларда ўз мақолаларини қандай ном билан берганига қараб фарқланиши мумкин – қаердадир -h, яна қаердадир – kh билан. Олим нима қилиши керак эди? Scopus’га кириб, икки профилини бирлаштириши керак эди, холос. Бунга икки кун кетади, жараён мутлақо бепул ва буни истаган жойдан амалга ошириш мумкин. Тизимдан маълумот тўплаётганимизда у икки профилга эга эди, шу боис бу олим ғолибдан камроқ балл тўплади. Бу каби воқеалар бўлмаслиги учун барча олимларни вақти-вақти билан Scopus тизимига киришга, ўз профилларини кўздан кечириб, хатолар бўлса, тузатишга чорлаб қоламиз.

- ScopusAwards ғолиблари орасида аёл-олимларнинг борлиги жуда қувонарли. Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда аёлларнинг илм-фандаги роли қандай?

- Elsevier учун Women in science (илм-фанда аёл) йўналишининг ривожланиши жуда муҳим аҳамият касб этади. Биз илм-фан ривожига ҳисса қўшиб келаётган аёлларни алоҳида мукофотлаймиз, уларга мотивация берамиз. Аслида дунёда турли илмий кашфиётларга қўл ураётган аёлларимиз талайгина. Шарқ мамлакатлари ҳақида гап кетганда эса, бу йўналиш бироз суст, чунки бизда тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, илмий тадқиқот ишлари билан асосан эркаклар шуғулланган. Шундай бўлса-да, тақдирлаш маросимида гувоҳи бўлганингиздек, аёлларнинг ҳам илм-фанда тутган ўрни ошиб бормоқда. Мен технологик ва тиббий илм-фан ривожига ҳисса қўшаётган кўплаб аёлларни биламан. Фикримча, аёлларнинг илм-фандаги ролини ошириш устида янада кўпроқ ишлаш, уларни қўшимча рағбатлантириш керак, чунки бу масалада аёл кишига эркакдан кўра қийинроқ. Эркаклар билан тенг илмий мақолалар нашр қилувчи, уларга ҳаволалар берилишига эришувчи ва ўз индексини ошириш устида тинмай меҳнат қилувчи, шу билан бирга, турмуш ўртоғи, фарзандлари учун қайғурувчи аёлни албатта мукофотлаш керак, деб ўйлайман.

Интервьюнинг тўлиқ шакли билан видео орқали танишишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Лола Раҳмонбоева суҳбатлашди

Мавзуга оид