Битимга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги билан юртимиздаги олий таълим муассасаларининг жаҳон илм-фани оламидаги мавқеини мустаҳкамлаш, таълим бозорида рақобатбардошлигини ошириш, қолаверса, дунёнинг етакчи илмий-таълим марказлари, нуфузли университетларнинг халқаро рейтингига маҳаллий университетларни киритиш йўлида биргаликда ҳаракат қилади.
Келишув доирасида вазирлик республикадаги энг яхши университетлар ректорлари ва проректорларидан иборат Times Higher Education экспертлари билан биргаликда ишлайдиган ишчи гуруҳни шакллантиради. Мазкур ишчи гуруҳ аъзолари ноёб маълумотлар ва таҳлиллардан фойдаланиш имконига эга бўладилар ҳамда ривожланишнинг устувор вазифалари ва институционал стратегиясини ишлаб чиқишда Times Higher Educationнинг доимий кўмагидан фойдаланишади. Ушбу битим хорижий илмий-таълим марказлари билан янада фаолроқ ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Шунингдек, бир пайтнинг ўзида вазирлик жаҳонга машҳур Elsevier нашриёт уйи билан SciVal ахборот-таҳлилий портали маълумотларидан фойдаланиш бўйича Битим имзолади. Мазкур келишув республика олий таълим муассасаларига нуфузли халқаро илмий ахборотлар манбасидан фойдаланиш, илмий тадқиқотлар соҳасида самарадорликни ошириш пировардида университетларнинг халқаро глобал рейтингига кириш имконини беради.











