Ўзбекистон | 11:08 / 05.03.2019
22344
10 дақиқада ўқилади

Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Фото: Fotolia

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилмоқда:

қуйидаги мазмундаги 197-1-модда билан тўлдирилди:

«197-1-модда. Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик

Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш:

а) такроран;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади»;

қуйидаги мазмундаги 229-4-модда билан тўлдирилди:

«229-4-модда. Ер бериш тартибини бузиш

Ер бериш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:

а) такроран содир этилган бўлса;

б) суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013–XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 345-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Жиноят кодексининг 97–103-1, 108, 116, 141–149, 175, 180–181-1-моддаларида, 184-моддаси учинчи қисмида, 186-моддаси иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида, 192-1–192-11, 197-1, 205–212, 215, 218–221, 229-4, 230, 231-моддаларида, 232-моддаси иккинчи қисмида, 233–236, 241-1–242, 265-моддаларида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича, шунингдек қонунда кўрсатилган айрим тоифадаги мансабдор шахсларнинг жиноятларига доир ишлар бўйича дастлабки тергов прокуратура органларининг терговчилари томонидан олиб борилади».

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

60-модда:

диспозициясидаги «худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш» деган сўзлар чиқариб ташланди;

қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилди:

«Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, –

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади»;

қуйидаги мазмундаги 60-1-модда билан тўлдирилди:

«60-1-модда. Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик

Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, –

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади‎»;

68-модда:

биринчи қисмининг санкциясидаги «учдан бир қисмидан бир бараваригача», «бир бараваридан уч бараваригача» деган сўзлар тегишинча «бир бараваридан уч бараваригача», «уч бараваридан беш бараваригача» деган сўзлар билан алмаштирилди;

иккинчи қисмининг санкциясидаги «бир бараваридан уч бараваригача», «уч бараваридан етти бараваригача» деган сўзлар тегишинча «уч бараваридан беш бараваригача», «етти бараваридан ўн бараваригача» деган сўзлар билан алмаштирилди;

қуйидаги мазмундаги 68-1-модда билан тўлдирилди:

«68-1-модда. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, –

фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси қуйидаги мазмундаги 49-1-модда билан тўлдирилди:

«49-1-модда. Тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларига ер участкаларини бериш

Тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида илмий-тадқиқот ва таълим мақсадлари, товар қишлоқ хўжалигини юритиш ва илғор тажрибани тарғиб қилиш учун берилади.

Тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотлари ер участкаларини ижарага ёки иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқига эга эмас.

Тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларига берилган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда иморатлар ва иншоотлар қуришга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра алоҳида ҳолларда йўл қўйилади».

Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

84-модда:

еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар ер участкасига бўлган ҳуқуқи юзага келган (тугатилган) шахсларни кўрсатган ҳолда ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилганлиги (тугатилганлиги) тўғрисида, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатсиз ёки ҳужжатда кўрсатилганига нисбатан катта ҳажмдаги ер участкаларидан фойдаланилганлик ва ер участкасига бўлган эгалик қилиш, фойдаланиш, ижара ва мулк ҳуқуқининг рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳоллари ҳақида ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига мазкур ҳоллар аниқланган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда маълум қилиши шарт»;

қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилди:

«Ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи ва (ёки) баҳоловчи органлар ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ҳар йили январь ойининг биринчи ўн кунлигида, йил давомида норматив қиймат ўзгарган тақдирда, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати аниқланган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда электрон шаклда ахборот тақдим этади»;

329-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 37-банд билан тўлдирилди:

«37) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, унинг жойлардаги органлари – ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича»;

330-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 23-банд билан тўлдирилди:

«23) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, унинг жойлардаги органлари – ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича».

Маълумот учун: ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Мавзуга оид