Ўзбекистон | 14:16 / 06.03.2019
8045
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ўзбекистонга келди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 6 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатда бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб бошчилигидаги делегация билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, учрашувда Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди ҳамда минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилган.

Вазир Афғонистон мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини ва Ўзбекистон унинг иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклашда бундан кейин ҳам ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Маслаҳатчи Ҳамидулла Муҳиб Афғонистон ва унинг халқи учун транспорт, энергетика, ва ёшлар учун таълим соҳаларидаги стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон томонининг иштирок этиши Афғонистонда барқарорликка эришиш, уни минтақавий иқтисодий уйғунлашувга жалб қилишнинг таркибий қисми ва муҳим шарти эканлигини қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон – Афғонистон кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Мавзуга оид