Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чемпионлар HumoArena ҳақида: Янги спорт саройининг очилиши Ўзбекистонга нима беради?
Бугун, 6 март куни Тошкент шаҳрида оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистоннинг машҳур спортчи ва чемпионлари билан норасмий учрашув ўтказишди. Тадбир мамлакат учун муҳим аҳамият касб этувчи HumoArena муз комплексининг очилиш маросими олдидан бўлиб ўтди.
Учрашувда ўзбек спорти юлдузлари - Руслан Нуриддинов, Азамат Абдураимов, Оксана Чусовитина, Абдулла Тангриев, Ирода Тўлаганова, Миржалол Қосимов ва Шамсиддин Воҳидовлар иштирок этишди. Тадбир доирасида спортчилар Kun.uz мухбирининг HumoArena муз спорт комплексининг ишга тушиши Ўзбекистонга нима беришига доир саволига жавобан қуйидаги фикрларни билдиришди:
Руслан Нуриддинов, оғир атлетика бўйича Олимпия чемпиони:

"HumoArena ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг очилиши Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантириш учун жуда катта имкониятларга йўл очади. Энди хоккей, фигурали учиш каби спорт турлари кўпчилик учун орзу эмас, ҳақиқатга айланади. Умид қиламизки, қишки спорт турлари бутун Ўзбекистон бўйлаб ривожланади, бунинг учун биринчи, энг катта қадам ташланди. Шу ишни вилоятлар кесимида ҳам давом эттирилса ва бундан барча бирдек манфаатдор бўлса, ҳаракатлар ўз натижасини бермай қолмайди. HumoArena муз саройининг қурилиши келажакда Ўзбекистон спортчиларининг қишки олимпиадаларда ғалаба қозонишига замин яратади".
Жаҳон гимнастикаси афсонаси, Оксана Чусовитина:

"Бундай арена Ўзбекистонга жуда керак эди. Регламентга мувофиқ халқаро мусобақаларни ўтказиш имкони бу. Ўйлашимча, у ерда спортнинг барча турлари бўйича беллашувлар ўтказиш мумкин, Осиё чемпионати, Жаҳон чемпионатлари шулар жумласидандир. Эҳтимол, спорт гимнастикаси бўйича халқаро мусобақалар ўтказилар. Шу билан бирга, у ерда керлинг бўйича мусобақалар ўтиши мумкин. Одамлар ҳатто қизиққанидан у билан шуғулланиши мумкин, шахсан мен ҳам. Қандай бўлмасин, HumoArena каби спорт комплекси бизга жуда керак эди. Ҳали кўп ота-оналар аренага ўз фарзандларини қишки спортлари билан шуғулланиш учун ҳам олиб келишади, деб ўйлайман, чунки бу Ўзбекистон учун янгилик. Қачонлардир мени ҳам 5 ёшимда фигурали учишга қизиқиб собиқ "Юбилейний" саройига борганман, лекин нима учундир бу спорт тури ўша пайтлар менга қизиқ эмасдек туюлган ва мен ўзимни гимнастикага бағишлаганман".
Абдулла Тангриев, дзюдо ва кураш бўйича халқаро тоифали спорт устаси, дзюдо бўйича жаҳон чемпиони:

"HumoArena нафақат қишки спорт турлари, балки халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш учун айни муддао. Бундай аренанинг барпо этилиши спортчиларимиз ва умуман юртимизнинг ютуғи деб биламан. Ватандошларимиз дунёнинг энг кучли спортчиларини мана шу майдонда кўриш имконига эга бўлишади. Келгусида спортчиларимизнинг хоккей ёки фигурали учиш бўйича ютуқларга эришишида ушбу аренанинг хизмати катта бўлади, деб ўйлайман. Масалан, биз дзюдо бўйича жаҳон чемпионатини ўтказамиз деганимизда ҳам, 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашадиган мусобақалар учун муносиб зал топа олмас эдик. Энди эса бундай ареналар қурилганидан кейин Ўзбекистонда ҳам дзюдо бўйича жаҳон чемпионати ўтказилса, ажаб эмас".
Ирода Тўлаганова, Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби, теннис бўйича республика аёллар терма жамоаси бош мураббийи, яккалик баҳсларида 3 мартадан WTF ва ITF турнирлари ғолиби:

"Ўзбекистонда HumoArena'дек муз саройининг қурилиши мамлакатда қишки спорт турларини ривожлантиришда катта аҳамият касб этади. Ўйлашимча, комплекс очилиши билан жуда кўп болалар хоккей ва фигурали учиш билан шуғулланиш учун келишади. Бизда анчадан бери қишки спорт турлари бўлмаган эди, шу боис муз аренасининг очилиши мамлакат учун катта ютуқдир. У ерда шунингдек халқаро даражадаги мусобақаларни ўтказиш мумкин бўлади, зеро комплекс кўп функционал бўлиб, у ерда қатор спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин бўлади".
Азамат Абдураимов, футбол бўйича 1994 йилги Осиё ўйинлари чемпиони, айни дамда мураббий:

"Айтилган барча фикрларга қўшилган ҳолда, шуни айтмоқчи эдимки, барчамиз телевизор орқали фигурали учиш ва хоккей мусобақаларини севиб томоша қиламиз, Ўзбекистонда қурилган HumoArena спорт саройида ана шундай мусобақалар ва фестиваллар ўтказилса, ватандошларимиз у ерга ташриф буюриб, ушбу мусобақаларни ўз кўзлари билан томоша қилиш имконига эга бўлишади, бу жуда муҳим. Телевизорда кўриш бошқа, бундай ўта замонавий аренага келганда эса, мутлақо бошқача ҳиссиётлар қамраб олади".
Миржалол Қосимов, ўзбек футболининг етакчи намоёндаларидан бири, уч карра Ўзбекистон чемпиони, Россиянинг футбол бўйича чемпиони, футбол бўйича 1994 йилги Осиё ўйинлари чемпиони:

"Биринчи навбатда ота-оналар ўзларининг турли ёшдаги фарзандларини олиб келиши ва уларнинг спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлашлари учун уларнинг орасида тарғибот ишларини ўтказиш зарур. Ота-оналар фарзандларининг табиати, уларнинг темпераментини ва спортнинг айнан қайси тури болага тўғри келишини яхши билишади. HumoArena муз космплексининг ўзи - кўп функционалли, демак, у ерда турли секциялар ва йўналишлар йўлга қўйилади. Кўп нарса оммавий ахборот воситаларига боғлиқ: мотивация берувчи роликлар, материаллар тайёрлаш зарур, токи ота-оналар бундан хабар топиб, фарзандларини спорт билан шуғулланиш учун олиб келишсин. Бу миллат келажаги учун ҳам жуда катта фойда бўлади".
Шамсиддин Воҳидов, Шахматнинг рапид йўналишидаги баҳсларда норвегиялик гроссмейтер, амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалабага эришган 16 ёшли шахматчи:

"HumoArena Ўзбекистонда қишки спорт ривожи учун замин ясайди. Биз тенги ёшлар ўзлари яхши кўрган хоккей мусобақаларида иштирок этишлари мумкин. Келажакда спортчиларимизнинг қишки ўйинлар бўйича ғолиблик олиб келишларига тилакдошмиз".
Мавзуга оид
12:20 / 14.04.2020
Вилоятларда кичик муз саройларини барпо этиш таклиф қилинди
19:47 / 16.03.2019
Humo Arena муз, спорт ва концерт режимларини қўллай олади – Бош вазир ўринбосари
13:57 / 04.03.2019
Humo Arena очилишида Шавкат Мирзиёев ва хоккей юлдузлари иштирок этади
20:20 / 17.12.2018