Ўзбекистон | 19:47 / 16.03.2019
12491
3 дақиқада ўқилади

Humo Arena муз, спорт ва концерт режимларини қўллай олади – Бош вазир ўринбосари

15 март куни очилиш маросими бўлиб ўтган, МДҲда муқобили йўқ дея эътироф этилаётган Humo Arena муз саройи Ўзбекистонда нафақат спорт, балки туризм ривожига ҳам ҳисса қўшади. Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Humo Arena ҳақидаги сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Humo Arena спорт комплексининг қурилиши Ўзбекистонда спорт ривожланишига катта туртки бериш учун барча имкониятларга эга.

Азиз Абдуҳакимов

"12 мингдан зиёд кишини ўзида сиғдира олувчи спорт саройи ҳудудида муз аренаси, машғулотлар майдони, болалар ўқув-кўнгилочар парки, оилавий дам олиш марказлари, амфитеатр, фавворали хиёбонлар, ресторан ва рекреацион зоналар, боғ ва сайр зонаси, замонавий паркинг ва бошқа кўплаб иншоотлар бўлиб, уларни қуришда жумладан жисмоний имкониятлари чекланган кишилар ҳам инобатга олинган", - дейди у.

Таъкидланишича, объектнинг асосий диққатга сазовор жиҳати ноёб трансформер-арена бўлиб, у ўзининг инновацион технологик ишланмалари туфайли бирйўла бир неча - муз, спорт ва концерт режимларини қўллаш имконини беради.

"Президентимиз мазкур иншоотнинг улкан ижтимоий аҳамиятга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратдилар. Комплекс йил бўйи хизмат кўрсатади, шунингдек унинг базасида спорт жамоалари шакллантирилади", - дея қўшимча қилди Абдуҳакимов.

“Humo Arena комплексининг қурилиши Ўзбекистонга нима бериши тўғрисидаги саволга бош вазир ўринбосари қуйидагича жавоб берди:  

“Биринчидан, Ўзбекистон ёшларида спорт билан шуғулланиш учун қўшимча рағбат пайдо бўлади, қишки ва ёзги спорт турларини ривожлантириш, энг юқори даражадаги мусобақаларни ўтказиш учун замонавий майдонлар пайдо бўлади.

Иккинчидан, бундай кенг кўламли, кўп функцияли объект, шубҳасиз, Ўзбекистон ва, хусусан, Тошкент шаҳрининг безагига айланади, бу эса юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотади”.

Бош вазир ўринбосари яқин орада ушбу мажмуада халқаро мусобақалар ва концерт дастурлари ўтказилиши ҳамда бу, шубҳасиз, Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқимининг ошишига, юртимизга хорижликлар ташриф буюриши учун яна бир сабаб бўлишига ишонч билдирди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид