Ўзбекистон | 20:20 / 17.12.2018
54779
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги «Humo Arena» муз саройи белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмайди

Фото: ЎзА

17 декабрдан Тошкент шаҳрининг Бешёғоч кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш чекланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Тошкент шаҳри ҳокимининг 11 декабрдаги қарори асосида «Humo Arena» комплекси қурилиши муносабати билан барча турдаги автомобилларга (қурилишда иштирок этаётган автомобиллардан ташқари) 2018 йилнинг 17 декабридан 2019 йилнинг 1 мартига қадар  Бешёғоч кўчасининг Фурқат кўчасидан Афросиёб кўчасига қадар ҳаракатланиш чекланади», дейилган хабарда.

Хабарда ушбу чеклов қурилишда қатнашаётган транспорт воситалари ва техникаларига тааллуқли эмаслиги қўшимча қилинган ва келтирилган ноқулайликлар учун узр сўралган.

Фото: Тошкент ИИББ

Қайд этиш керакки, Тошкентда Humo Arena кўп тармоқли муз саройини қуриш ишлари 2017 йилнинг февралида бошланганди. Қурилиш ишлари режа бўйича 2018 йилнинг 31 декабригача якунланиб, иншоот фойдаланишга топширилиши керак эди. Шу йилнинг августида ҳам Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам «Ҳумо Арена» муз саройи 2018 йил охирига қадар ишга туширилиши ҳақида хабар берганди.

ИИББ хабаридан маълум бўладики, қурилиш ишлари кейинги йил баҳорига қадар кечиктирилган.

Айни вақтда ҳудудда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Фото: ЎзА

Мажмуада ўлчамлари 60×30 метр бўлган иккита - асосий ва машқ муз ареналари режалаштирилган бўлиб, бино умумий майдони 74 минг квадрат метрни ташкил қилади, бино тўрт қаватдан иборат, баландлиги эса 36 метрни ташкил этади.

Муз саройи 12,5 минг ўтириш жойларига эга ва концерт зали сифатида ўн минг, спорт мусобақалар ўтказиш зали сифатида эса 14 минг томошабинга мўлжалланган. Асосий бинода 300 ўринлик машқ аренаси ҳам лойиҳалаштирилган.

Мавзуга оид