Ўзбекистон | 17:00 / 06.03.2019
5381
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия соғлиқни сақлаш вазирлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова тиббиёт ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда бу борадаги янги лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Вероника Скворцова ўзаро тажриба алмашиш ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий таълимни ривожлантириш юзасидан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Вероника Скворцова
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Делегация аъзолари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, хусусий клиникалар, бирламчи тиббий ёрдам муассасалар ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларига ташриф буюрадилар.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йиллар давомида 600 дан зиёд ўзбекистонлик мутахассислар Россияда малака оширган, Россиянинг 300 нафар нуфузли мутахассислари маҳорат дарслари, кўргазма ва маърузалар ташкил этиш ҳамда мураккаб операцияларни ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган. 

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда И.М.Сеченов номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг филиалини очиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада қўшма факультетларни ташкил этиш, бакалавриат, магистрлик ва клиник ординатурада таълим дастурларини тайёрлаш борасида шартномалар тузилди. 

Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида “Педиатрия иши” ва “Даволаш иши” таълим йўналишлари бўйича қўшма факультет ташкил этилади. 

Жорий йил сентябрдан Россиянинг Халқлар дўстлиги университети ва Тошкент давлат стоматология институти биргаликда “Дерматовенереология” йўналишида қўшма факультет очиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Оренбург давлат тиббиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида “Даволаш иши” ва “Клиник психология” йўналишида ҳам қўшма факультетлар ташкил қилинади. Санкт-Петербург педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали билан биргаликда эса олтита: “Акушерлик ва гинекология”, “Болалар жарроҳлиги”, “Травматология”, “Педиатрия”, “Стоматология” ва “Онкология” йўналишларида халқаро факультетлар ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова «Аэрофлот»нинг Москва - Тошкент рейсидаги йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид