Жамият | 18:21 / 16.09.2019
6445
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ Ўзбекистондаги тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди

Даниянинг Копенгаген шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессияси ўз ишини бошлади. Унда ЖССТнинг Европа минтақасидаги 53та аъзо давлатдан 500дан зиёд нуфузли вакиллар ва соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этишмоқда. Сессияда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.

«Тадбирдан кўзланган асосий мақсад тиббиёт соҳасидаги кенг қамровли масалаларни, шу жумладан, 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастурини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни муҳокама қилишдир. Сўнгги ўн йил ичида дунёда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқлар таҳлил қилиниб, минтақада аҳоли саломатлигини янада яхшилаш борасида янги стратегиялар ишлаб чиқиш тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлади.

Сессия давомида «Саломатлик–2020» дастури доирасида кўплаб ижобий кўрсаткичларга эътибор қаратилиб, шундан келиб чиққан ҳолда 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлар: саломатлик борасидаги ҳуқуқлар, умумий соғлиқни сақлаш қамрови, тенглик, аҳолига йўналтирилган тиббиёт тизимлари, фаровонлик йўлида салбий таъсирларга қарши курашиш каби истиқболдаги қатор муҳим вазифалар белгилаб олиниши кўзда тутилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Гебрейесус билан учрашди. Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда соғиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. ЖССТ Бош директори Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича танланган стратегияси ва тажрибасини юқори баҳолади. Жумладан, Т. Гебрейесус Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистонда барча соҳаларни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, шу жумладан, 2019-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаб берганини эътироф этди.

Сессия доирасида мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадмановнинг Ўзбекистонда «Саломатлик–2020» дастурини амалга оширишда тўпланган тажрибаларга бағишланган муҳокамаларда иштирок этиши ҳам режалаштирилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шунингдек, тадбир доирасида Европа минтақасига аъзо давлатлар вакилларининг яширин овоз бериш йўли билан ЖССТнинг Европа минтақавий бюросининг янги директори сайланиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Европа минтақавий бюроси директори аъзо давлатлар томонидан тақдим этилган номзодлар орасидан беш йил муддатга сайланади.

Сессия 19 сентябрга қадар давом этади.

Мавзуга оид