Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бекор бўлган келишув ва товламачиликда айбланаётган фуқаролар. Мирободда тадбиркор ва маҳалла ўртасидаги бир йиллик можаро
2018 йилнинг апрель ойида Kun.uz’га Тошкент шаҳри Миробод тумани Миробод МФЙда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишганди. Мурожаатда улар маҳалла ҳудудида «RENT GROUP INVESTMENTS» МЧЖ томонидан қурилаётган гузар лойиҳасидан норозилигини баён этишган. Сайт мухбирлари мурожаатни жойига чиқиб ўрганиши давомида ўтказилган музокараларда тарафлар (Миробод туман ҳокимияти, тадбиркор ва фуқаролар) келишувга эришишганди. Яъни, бир ой муддатда маҳалла фуқаролар йиғини ўзлари хоҳлагандек гузар лойиҳасини тайёрлашади, керакли маблағни шакллантиришади ва лойиҳа ҳокимликка тақдим этилади. Улар кўриб чиққанларидан сўнг, керакли ташкилотлар бино қурилишига рухсат беради.

Бироқ жорий йилнинг февраль ойига келиб мазкур маҳаллада яшовчи фуқаролар яна сайт билан боғланишди. Яна мухбирлар бориб вазиятни ўрганишди. Маълум бўлишича, орада яна кўп тортишувлар бўлиб ўтган. Лойиҳа бир неча бор ўзгартирилган. Лекин норозилик сақланиб қолаверган.

Ўша вақтда, қурилиш ишлари бошланган чоғда бино асосини қуриш учун ҳудудда қазув ишлари олиб борилган. Лекин аҳоли қаршилиги туфайли қурилиш тўхтатилган ва чуқурлик атрофи ўраб қўйилган.
Ўша атрофда яшовчи бир неча киши билан суҳбатлашдик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди. Шу асосида маҳалла фаоллари маҳалла институти фаолиятини самарали олиб бориши учун уларга маҳалла гузарлари қуриш кўрсатиб ўтилди.
Айни вақтда кавланган ҳудуд ҳали ҳам ташландиқ ҳолида ётибди. Аҳоли бу ҳолат хавфсизлик нуқтаи назаридан белгиланган талабларга жавоб бермаслиги ҳақида гапирди.

«Авваллари бу ерда болалар ўйнашарди, автотураргоҳ ва бошқа мақсадларда фойдаланишган. Кўрсатилган лойиҳалар фуқароларга маъқул келмаган. Туман ҳокими билан бир неча бор суҳбатлашишган. Яқинда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашув чоғида ҳам мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилганди. Шу асосда сўровнома ҳам ўтказилган. Натижасига кўра жуда кўпчилик бинони мазкур тадбиркор қуришига қарши чиққанди.
Биз қурилиш ишларига қарши эмасмиз. Лекин ҳозир тақдим қилинаётган лойиҳа 4 қаватли бўлиб кетмоқда. Биз бино 2 қаватдан юқори бўлишини хоҳламаймиз. Бу шаҳарсозлик нормаларига ҳам тушмайди. Атрофда кўп қаватли уйлар кўп. Майли қурсин. Ертўла қисмидан ва бир қаватидан ўзи фойдалансин. Бир қаватини маҳалла гузари учун тақдим қилсин. Биз катта қилиб савдо комлекси қурилишига қаршимиз. Агар бино биз истагандек қурилмаса, чуқурни ёпиб текислаб беришсин. Бундай ётиши бўлмайди. Биз ўзимиз бу жойга кўчат ўтқазамиз, ободонлаштириш ишлари қўлимиздан келади», - дейди маҳалла фаолларидан бири Маъруф Мусаев.

Шундан кейин туман ҳокимлигига бориб, туман ҳокими ўринбосари Фарҳод Нажмиддиновдан изоҳ олдик.
«2017 йилнинг 7 август санасида «RENT GROUP INVESTMENTS» МЧЖга Миробод туман Нукус кўчаси 88 ва 5-уйлар оралиғида замонавий маҳалла лойиҳаси асосида маҳалла гузари ва савдо маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини қуриш учун ер ажратилган. Қурилиш бошланган вақтда аҳоли норозилик билдирди. Шу туфайли бир неча марта лойиҳа ўзгартирилди. Ҳозирга келиб лойиҳанинг юқори қисми қурилишига ўша ерда яшовчи баъзи фуқаролар норози бўлмоқда.
Лекин тадбиркорнинг барча ҳужжатлари жойида. Аҳоли норозилиги бизнинг қарорни бекор қилишга асос бўлмайди. Қонун бўйича тегишли прокурор протест киритганидан сўнг, суд бекор қилинсин деган қарор чиқариб, у қонуний кучга кирганидан кейин, қарорни бекор қиламиз. Биз ижро органимиз, қонун нима деса шуни бажарамиз. Фармон талабларини бажарса, марҳамат, тадбиркор ўз лойиҳасини бажариши мумкин. Биз қонунни четлаб тадбиркор томонга ҳам, фуқаролар тарафга ҳам ён босмаймиз», - деди туман ҳокими ўринбосари.
Ниҳоят «RENT GROUP INVESTMENTS» МЧЖ директори Абдусаид Ҳидоятовга юзландик. Ундан бўлиб ўтган воқеалар юзасидан тўлиқ маълумот олишга ҳаракат қилдик.
«Президент фармони, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари, маҳалла кенгаши қарори ва инвестиция шартномаси асосида гузар қурилиши ишлари бошланган.
Маҳалла марказининг дастлабки лойиҳаси тайёрланиб 2017 йилнинг 4 ноябрь кунида фаоллар билан йиғилиш ўтказилди. Учрашувда маҳалла вакиллари ҳам қатнашганди. Лойиҳа битта 3 қаватли, 25 метрга 45 метр ўлчамда бўлган. Шунда фаоллар 3 эмас 4 қаватли қилиб қуриш таклифини берган. Мажлисда оқ фотиҳа берган отахонлар кейинчалик лойиҳага ўзлари қарши чиқишди.
Эътирозлар сабаб иккита 4 қаватли лойиҳа тайёрланди. Биринчи бинонинг биринчи қавати тўлиқлигича маҳалла гузари учун ажратилиши белгиланди. Иккинчи бино эса бизнес марказига айлантирилиши белгиланди. Тегишли ташкилотлардан рухсатномалар ҳам олинди.
Лекин бундай лойиҳа аҳоли эътирозларига сабаб бўлди. Асос қилиб қуйидагиларни айтишди:
- Бино 4 қаватли бўлиши ҳаво айланишига тўсқинлик қилади;
- Битганидан сўнг ҳудудда яшовчи аҳоли автомобиллари учун тураргоҳ майдони қолмайди;
- Болалар майдончаси ҳам йўқ бўлади (аслида бу ерда бундай майдон умуман бўлмаган, қуруқ ер бўлган).
2018 йилнинг 6 апрель куни туман ҳокими Шуҳрат Пўлатов ва аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказилди. Аҳоли эътирозлари инобатга олиниб, қурилиши керак бўлган 4 қаватли бино лойиҳаси 2 қаватли бино лойиҳасига алмаштирилди. Болалар спорт майдончаси ва ўйин майдончаси учун жой ажратилди. Аҳоли автомобиллари учун бино ертўласида бепул автотураргоҳ қурилиши белгиланди. Яна қурилиши кўзланаётган бинонинг ён тарафида қолаётган каттагина жойда 100га яқин автомобил учун соябонли автомобиллар турар жойи барпо этиш таклифи ҳам билдирилди. Маҳалла фаоллари бунга рози бўлишди.

2018 йилнинг 12 апрель куни ҳудудни ўраш ишлари бошланган вақтда аҳоли яна норозилик билдира бошлади. Туман ҳокими ва ОАВ вакиллари ҳам келди. Музокара якунида аҳоли гузарни ўз кучи билан қура олишини билдирди. Уларга керакли лойиҳани тайёрлаш ва маҳалла жамғармасига керакли маблағни шакллантириш учун 1 (бир) ой муддат берилди. Лекин маҳалла бирорта талабни бажармади. Ўша норозилик уюштираётганлар бир сўм ҳам бермади.
Бу орада аҳолидан тушган аризалар асосида туман прокурори ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича протест киритди. 2018 йилнинг 1 май куни туман ҳокими прокурорга асослантирувчи хат юборди ва қарорни ўз кучида қолдирди.
2018 йил 12 май куни «Маҳалла» жамоат фонди бошқарувида маҳалла фуқаролари билан учрашув ўтказилди. Улар гузар қурилишига қарши эмаслигини, фақат иккита бино эмас битта (2 қаватли) бино қурилишига рози бўлишларини билдиришди.
2018 йил 16 май куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида қабул бўлиб ўтди. Маҳалла номидан М.Мирзаев ва М.Исматов иштирок этди. Қабулни ҳоким ўринбосари Н.Максумов ўтказди. Вакиллар битта 2 қаватли бино кўринишида лойиҳага розилиги ва биринчи қаватдан маҳалла вакилларига жой ажратиб берилишини сўрашди.
Туман ҳокимининг 2018 йил 4 июндаги 514-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг иккинчи бандида маҳаллага битта 2 қаватли бино қуриш кераклиги қатъий белгилаб қўйилди.

Бу вақтга келиб бир гуруҳ фуқаролар Сергели туман маъмурий судига ҳам мурожаат қилишди. Шунингдек, Миробод туман прокуратураси ҳам ҳокимнинг ер ажратиш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўраган. Икки мурожаат бирлаштирилиб, сайёр суд мажлиси ўтказилди. Тарафларнинг фикри ўрганилди. Қарорни бекор қилишни қаноатлантириш рад этилди. Якунда ўлчамлари 23 метрга 25 метр бўлган 2 қаватли бино қуришга келишилди. Бинонинг биринчи қаватидан маҳалла учун 8та хона ажратилиши белгилаб қўйилди», - дейди тадбиркор.

Бироқ, 2018 йилнинг сентябрь ойига келиб бир гуруҳ маҳалла фуқаролари тадбиркорнинг иш бошлашига қаршилик кўрсатмасликлари учун 40 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишади (таҳририятда барча далиллар мавжуд). Тадбиркорнинг аризаси асосида Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан шу маҳаллада яшовчи фуқаро (айбсизлик презумпцияси юзасидан исмларни ошкор этилмайди) тадбиркордан 10 минг АҚШ доллари олаётган вақтда қўлга олинади. Фуқарога нисбатан товламачилик жинояти бўйича иш қўзғатилган ва тегишли ташкилотлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу вақтга қадар қандай ишлар амалга оширилгани ва тергов нега ҳали тугамаётганини аниқлаш мақсадида, Тошкент шаҳри Юнусобод туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқарма ҳузуридаги тергов бўлимига мурожаат қилдик. Терговчи М.Санакулов билан боғланишга ҳаракат қилдик. Юнусобод туман ИИБ бошлиғи Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати орқали маълумот тақдим этиши мумкинлигини билдирди. Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан маълумот фақатгина тарафлар ёки уларнинг вакилларига берилиши мумкинлигини айтди. Эртасига фирма директори билан Юнусобод туман ички ишлар бўлимига бордик. Бироқ маълумот ололмадик. Ҳозир тергов қайси босқичдалиги бизга номаълум. Ўйлаймизки, бу ишда процессуал норма талабларига амал қилинади, айбланувчига доир тергов якунига етказилади ва биз мавзуга яна қайтамиз.
Суд қароридан сўнг, тадбиркор лойиҳани яна бошқатдан тайёрлади ва тегишли ташкилот томонидан тасдиқлатди. Маълум вақтдан сўнг қайта қурилиш ишлари бошланади. Аммо фуқаролар томонидан яна норозиликлар пайдо бўла бошлайди. Ҳозирги норозилик бинонинг юқори қисми туфайли бўлмоқда. Бу маҳалла вакилларига ёқмаяпти. Лекин тегишли ташкилот лойиҳани қонунан кўриб чиқиб тасдиқлаб берган. Ҳозирга келиб 500 миллион сўмга яқин маблағ сарфлаган тадбиркор йўлида сунъий тўсиқлар пайдо бўлганини билдирмоқда. Шу сабабли қурилишни давом эттиришга иккиланиб турибди.

Унинг таъкидлашича, президент фармонида талаб қилинган барча шароитлар яратилади. Бинода ва атрофида маънавият хонаси, профилактика инспекторлари учун жой, кутубхона, мажлислар зали, болалар ўйингоҳи, спорт майдончаси ва бошқа шароитлар муҳайё қилинади. У агар аҳоли вакиллари тинмай қаршилик қилиб туришса, лойиҳани охиригача етказа олмаслигини билдириб ўтди.
Миллий урф-одатларимиздан келиб чиқсак, маҳалла ҳаётида турли хил ижтимоий масалалар муҳим ўрин тутади. Уларни ҳал қилиш ва тегишли чоралар кўриш зарур. Бунинг учун махсус жойлар-гузарлар қурилиши республикамизда кенг кўламда олиб борилмоқда.
Юқоридаги ҳолатлардан хулоса қиладиган бўлсак, муаммо жуда ҳам жиддий эмас. Тадбиркорнинг лойиҳа бўйича барча ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Фуқароларнинг ҳам ўз важлари бор. Шунчаки, муросага келиш учун иккала тараф ҳам бир-бирига қараб ҳаракатланиши керак. Хоҳиш-истаклар ҳисобга олиниши зарур. Тегишли ташкилотлардан эса икки тарафни ҳам қониқтирадиган чоралар топишда ташаббус кўрсатишни кутиб қоламиз.
Kun.uz журналисти Зафарбек Солижонов,
Тасвирчи Шерзодбек Эгамбердиев
Мавзуга оид
14:01 / 24.03.2026
Тошкентда ЯҲМ ўсиши бўйича Миробод етакчи бўлди
12:56 / 12.03.2026
Тошкентда BRT йўлагида автобус ва енгил автомобил тўқнашди
16:49 / 26.02.2026
Тошкентда BMW рулидаги ўсмир ЙПХ ходимини уриб юборди
08:45 / 26.02.2026