20:40 / 10.03.2019
7343

Саудия Арабистонида биринчи консерватория очилиши режалаштирилмоқда   

Саудия Арабистонида мамлакатдаги биринчи консерваторияни қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг кўнгилочарликлар бош бошқармаси директори Турки Ал аш-Шайх маълум қилди.     

“Мен фуқароларга антиқа совға ҳақида эълон қилмоқчиман. Маданият бўйича кенгаш яқин орада консерватория қуриш ва уни очишга рухсат бериш имкониятини ўрганмоқда”, деб айтган аш-Шайх Al Arabiya телеканали эфирида. Бироқ у лойиҳа муддатлари ва қиймати ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаган.

Шундан кейин ижтимоий тармоқларда ислоҳотлар ва эскилик тарафдорлари ўртасида баҳс юзага келган. Улардан биринчилари, асосан ёшлар бу ташаббуснинг вақти келгани ва у қиролликни ривожлантиришда олдинга бир қадам бўлишини айтишган. Уларга қарши чиқаётганлар, яъни катта ёшлилар мусиқий таълимнинг қўллаб-қувватланиши ислом меъёрларини бузади, деб таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, консерватория ўрнига Қуръонни ўрганиш бўйича кўпроқ мактаблар ва курслар очиш лозим.

Мусиқий таълим ҳанузгача қиролликнинг аксарият мактаблари ва олий таълим муассасаларининг мажбурий таълим дастурига киритилмаган. 

Яқин вақтларгача Саудия Арабистонида мусиқа, биринчи навбатда оммавий чиқишлар давлат даражасида тақиқланган бўлган. Бироқ “Келажакка боқиш-2030” режаси қабул қилиниши билан вазият тубдан ўзгариб, мамлакатда доимий асосда мусиқий концертлар ва фестиваллар ўтказила бошланган. Шунингдек, биринчи опера қуриш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида қиролликнинг турли майдончаларида Мэрайя Кэри, Андреа Бочелли ва Янни каби жаҳон мусиқа юлдузлари концертлар беришган.

Жорий йилда Таиф ва Ар-Риёд вилоятларида давлат университетлари қошида мусиқа асбобларини чалиш, вокал синфлар, саҳна маҳорати бўйича курслар очилган.

Top