Жаҳон | 19:42 / 11.03.2019
6483
2 дақиқада ўқилади

Boeing акциялари Эфиопиядаги авиаҳалокатдан кейин қулади

Фото: CC0

АҚШнинг Boeing самолётсозлик корпорацияси акциялари Нью-Йорк фонд биржасидаги дастлабки савдолар вақтида 8,7 фоизга, яъни 386 долларгача арзонлашиб кетди.

Акциялар нархи Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737 Max 8 самолёти ҳалокатга учрагандан кейин қулаган.

Авиаҳалокат 10 март куни Эфиопияда юз берди. Самолёт бортида бўлган 157 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Фожиа сабаби аниқлаштирилмоқда.

Бу охирги 5 ой ичида Boeing 737 Max 8 самолётлари билан юз бераётган иккинчи ҳалокатдир. 2018 йил 29 октябрда Жакарта-Панкалпинанг йўналишида парвоз қилаётган Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737 Max 8 самолёти парвоздан 13 дақиқа ўтиб Ява денгизига қулаган. Самолёт бортидаги 189 кишининг барчаси ҳалок бўлганди.

Boeing Эфиопиядаги авиаҳалокат сабабли янги Boeing-777X самолётининг тақдимотини қолдиришга қарор қилди. 

Авиаҳалокат сабабли Хитой фуқаролик авиацияси бошқармаси мамлакат авиакомпанияларига Эфиопияда қулаган модификациядаги самолётларда йўловчиларни ташишни тақиқлаб қўйди. Авиакомпанияларга рейсларга бу самолётлар ўрнига Boeing 737-800 самолётларини чиқариш таклиф қилинган. Маълум қилинишича, Хитой авиакомпаниялари умумий ҳисобда 60 та шундай самолётга эга.

Кейинроқ Британиянинг Cayman Airlines авиакомпанияси ҳам Boeing 737 Max 8 самолётларини қўллашни вақтинчалик тўхтатгани маълум бўлган. Шунингдек, Индонезияда ҳам ушбу самолётлардан фойдаланиш тўхтатилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид