20:16 / 11.03.2019
20614

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» учоқлар паркига Airbus A320neo самолёти қўшилди

2019 йил 11 март куни Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг учоқлар парки Airbus A320neo (New Engine Option – янги талқиндаги двигателли) самолёти билан тўлдирилди. Airbus компаниясининг A320 оиласига тегишли ушбу русумдаги самолёти ўзининг иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги билан ажралиб туради.

Дастлабки нусхаси 2014 йилда намойиш этилган Airbus A320neo лайнери икки тоифали компоновкада ишланган. Самолёт бортида бизнес тоифада 12 та ўрин, эконом тоифада 138 та ўрин мавжуд (Airbus компаниясининг расмий сайтига кўра максимум сиғим 180 ўриндан ошиши мумкин).

Жаҳон авиабозорида Boeing компаниясининг 737 Max русумли самолёти билан рақобатлашувчи лайнер CFM International LEAP-1A ёки Pratt & Whitney PW1100G двигателлари билан таъминланиши мумкин.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг янги самолёти эса ёқилғини тежовчи CFM International LEAP-1A двигатели ва аэродинамик хусусиятларни янада яхшилаш имконини берувчи фюзелаж конструкциясидаги замонавий ишланмалар билан таъминланган. Бу жиҳатлар лайнерни олдингиларига нисбатан 20 фоизга тежамлироқ қилади.

Шунингдек, самолётда ўрнатилган янги двигателлар ва шарклетлар ҳисобига ҳавога CO ва NO чиқиндилари нисбатан кам ажралади.

Ҳамбург-Тошкент йўналишида етиб келган лайнернинг парвоз масофаси 5 минг километрни ўз ичига олади (Airbus расмий сайтига кўра бу масофа 6300 км гача етиши мумкин).

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 2 дона Airbus A320neo русумидаги авиалайнери келтирилиши тўғрисидаги шартномани 2017 йилда имзолаган. Аэробусларнинг иккинчиси апрель ойининг бошида келтирилади.

Янги ҳаво лайнерининг илк парвози қайси йўналишда амалга оширилиши ҳали очиқланмаган.

Маълумот учун, Airbus A320neo самолётининг илк харидори Германиянинг Lufthansa, МДҲ давлатлари орасида эса Қозоғистоннинг Air Astana авиакомпанияси бўлган. Airbus А320 оиласига мансуб Airbus A320neo самолётининг тахминий нархи 102 млн. АҚШ долларидир.

Top