Жаҳон | 22:51 / 12.03.2019
2512
2 дақиқада ўқилади

Ҳавонинг ифлосланиши Европада ҳар йили 800 мингдан кўпроқ кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда

Ҳар йили 800 мингдан кўпроқ европалик ҳаво ифлосланишидан вафот этмоқда. Бундай хулосага немис олимлари ўз тадқиқотларидан кейин келишган. 

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, сифатсиз ҳаво сабабли юз берган ўлимлар сони аввалги баҳолашларга қараганда 2 марта ошган. Дунёда ифлос ҳаводан ҳар йили 8,8 млнга яқин одам ҳалок бўлади. Бу борада энг хавотирли вазият Европа Иттифоқида кузатилмоқда. Тадқиқотда таъкидланишича, Европа давлатларида умр кўришнинг ўртача давомийлиги 2 йилга қисқарган.

“Бу ҳавонинг ифлосланишидан ҳар йили тамаки чекишдан кўпроқ одам ўлишини англатади. Чекишнинг салбий таъсиридан қутулиб қолиш мумкин, бироқ атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиб бўлмайди”, деб айтган Майнц университети профессори Томас Мюнцель. Мутахассислар бунинг асосий сабаби сифатида заҳарли ҳаво ўпкага шикаст етказиб, юрак-томир касалликлари пайдо бўлишига олиб келишини айтишмоқда.

“Ҳавони ифлослантирувчи зарраларнинг аксарияти атмосферага қазилма ёнилғи турларининг ёқилиши оқибатида тушгани сабабли, биз дарҳол энергиянинг бошқа манбаларига ўтишимиз лозим”, деб айтган профессор Йос Леливельд. “Биз соф, тикланувчи энергияни қўллаганимизда нафақат иқлим бўйича Париж келишувини бажарамиз, балки ҳавони ифлослантирувчи моддалардан ўлимларнинг камайиши имкониятини 55 фоизгача оширамиз”, деб таъкидлаб ўтган олим.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид