Жаҳон | 07:40 / 12.03.2019
8357
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла парламенти фавқулодда вазият тартибини киритди 

Фото: REUTERS

Венесуэланинг мухолифат назоратида бўлган парламенти 11 март куни ўз йиғилишида мамлакатда энергетик тизимдаги муаммолар ортида фавқулодда вазият тартибини киритишни маъқуллади.  

VivoPlay каналининг маълум қилишича, парламент спикери Хуан Гуайдо томонидан киритилган ташаббус бир овоздан қабул қилинган. Фавқулодда вазият тартиби 30 кун яна шунча вақтга узайтириш имкони билан амал қилади.

У мамлакат қуролли кучлари инфратузилмага ва электр энергия миллий корпорацияси ходимларига таъмирлаш ишларини қаршиликларсиз бажара олишларида зарурий ҳимояни таъминлаши кераклигини кўзда тутади. Шунингдек, хавфсизлик кучларига электр тармоқларининг “аянчли” ҳолатига қарши намойишларни тарқатмаслик буюрилган. 

Мамлакатнинг хориждаги дипломатик вакилларига электр энергетикадаги инқирозни енгиш учун халқаро техник ёрдамни мувофиқлаштириш мақсадида алоқага киришиш буюрилган. Давлат ҳокимияти идораларига электр таъминотидаги вазиятдан келиб чиқиб ходимларнинг иш жадвалини ўрнатиш зарурлиги кўрсатилган. 

Электр таъминотининг автоном манбалари ишлашини таъминлаш учун ёнилғини тежаш, Кубага нефть ва ундан олинган маҳсулотларни етказишга тақиқлов киритиш алоҳида банд билан киритилган.

Венесуэланинг кўплаб штатларида электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар 7 март куни мамлакатдаги энг йирик ГЭСдаги авария сабабли бошланганди. 

Мавзуга оид