«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди
Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги 353–I-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:
1) 2-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади»;
2) 4-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«4-модда. Фуқароларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш;
атмосфера ҳавосининг ҳолати ҳамда уни муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларидан ўз вақтида ва ишончли ахборот олиш;
атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқарилиши ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши туфайли ўз соғлиғига ва мол-мулкига зиён етказилган ҳолларда зарарнинг ўрни қопланиши;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ва жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишда иштирок этиш.
Фуқаролар:
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
атмосфера ҳавосининг ифлосланишига, камайишига ва унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатишига олиб келувчи ҳаракатларни содир этмаслиги шарт»;
3) қуйидаги мазмундаги 51–54-моддалар билан тўлдирилди:
«51-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;
атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ва унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатишини тартибга солувчи техник регламентларни тасдиқлайди;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида назоратни амалга ошириш тартибини белгилайди.
52-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлайди;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назоратини амалга оширади.
53-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
тегишли ҳудудда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назоратини амалга оширади.
54-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминлашда иштирок этиши
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари:
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик экологик назоратини амалга оширади;
аҳоли ўртасида фуқароларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ва экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган тушунтириш ишларини амалга оширишда иштирок этади»;
4) 8-модданинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«8-модда. Доимий ифлослантирувчи манбаларнинг атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатиши нормативлари»;
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини, доимий ифлослантирувчи манбалар физикавий омилларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»;
5) 9-модда чиқариб ташланди;
6) 11-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«11-модда. Доимий ифлослантирувчи манбаларнинг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқаришини тартибга солиш
Доимий ифлослантирувчи манбаларнинг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқаришига давлат экологик экспертизасининг натижаларига кўра белгиланадиган ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларига мувофиқ йўл қўйилади»;
7) 13-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«13-модда. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатилишини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш
Атмосфера ҳавосига доимий ва кўчма ифлослантирувчи манбалардан ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолият маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ваколатларига мувофиқ уларнинг қарори билан чекланиши, тўхтатиб турилиши, зарарли таъсир кўрсатиш сабабларини бартараф этиш мумкин бўлмаган тақдирда эса, тугатилиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш (бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади»;
8) 14-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«14-модда. Ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материалларига доир талаблар
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиладиган ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материалларининг барча турлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган стандартлар, техник регламентлар талабларига мос бўлиши лозим»;
9) 18-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаси, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи омил, минерал ўғит ва бошқа препаратлар сифатида кимёвий моддаларни ишлатишга қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш регламентига мувофиқ йўл қўйилади»;
10) 19-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлашда, хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга оширишда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар озонни бузувчи моддалардан, таркибида озонни бузувчи моддалар мавжуд бўлган ускуналар ва техник қурилмалардан фойдаланиш ҳамда қўллашни тартибга солишга доир чора-тадбирларга риоя этиши лозим.
Таркибида озонни бузувчи моддалар мавжуд бўлган буюмлардан фойдаланувчи ва уларни таъмирловчи корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар бундай моддалар ҳисобга олинишини ва улар озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштирилишини таъминлаши лозим.
Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ҳамда экспорти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади»;
11) 24-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Фаолияти атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни, биологик организмларни, иссиқхона газларини ва озонни бузувчи моддаларни чиқариш ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар:
атмосфера ҳавосига чиқариладиган чиқиндиларни тозалаш ва унга зарарли физикавий таъсирни камайтириш учун иншоотлар, қурилмалар ва асбоб-ускуналардан, шунингдек уларнинг устидан назорат қилиш воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларнинг ишлаш қоидаларига риоя этиши;
озонни бузувчи моддаларнинг ҳисобини юритиши, уларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўймаслиги, рециркуляцияни (уларни қайта ишлатиш мақсадида бирламчи тозалашни) амалга ошириши;
хўжалик объектлари теварагида санитария-муҳофаза зоналарини барпо этиши;
атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини белгилаши;
атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқаришни ҳамда унга зарарли физикавий таъсирни камайтириш ва (ёки) бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши;
атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ҳамда унга физикавий омиллар зарарли таъсирининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши, уларнинг ҳисобини юритиши ва статистика ҳисоботини тақдим этиши;
атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг сифат ва миқдорий таркибини аниқлаш учун намуналар олинишини таъминлаши ҳамда ўлчовларни амалга ошириши;
ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғининг, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларнинг ёки моддалар аралашмасининг ёқилишига, шунингдек ёқилғи ҳисобланмайдиган материаллар ва чиқиндиларнинг ёқилишига йўл қўймаслиги, бундан ёқиш махсус ускуналардан фойдаланиб ҳамда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги ва чиқиндилар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилган ҳоллар мустасно;
энергияни тежовчи ва (ёки) ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда экологик жиҳатдан тоза энергия манбаларидан фойдаланиш чора-тадбирларини кўриши;
метеорологик шароитлар ноқулай келиши кутилаётганлиги муносабати билан атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқарилишини камайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган тадбирларни бажариши;
корхоналар ва транспорт коммуникацияларининг таъсир доирасида атроф-муҳитга ҳамда аҳоли соғлиғига зарарли таъсир кўрсатилишини баҳолашдан ўтказиши;
кучли таъсир этувчи заҳарли моддаларни ҳамда буғланувчи бирикмаларни сақлаш, ташиш шартларига, улардан фойдаланиш ва улардан бўшаган идишларни зарарсизлантириш қоидаларига риоя этиши;
атмосфера ҳавосига бирйўла ва авария туфайли ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг, яширин хавфли вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, шунингдек атмосфера ҳавосининг трансчегаравий ифлосланишини камайтириш юзасидан чоралар кўриши;
чиқиндиларнинг утилизация қилинишини таъминлаши ҳамда улар тўпланиб қолганида ва қайта ишланаётганида атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг олдини олиш чораларини кўриши шарт.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тадбирларининг бажарилиши тупроқ, сув ва атроф-муҳитнинг бошқа объектлари ифлосланишига олиб келмаслиги керак»;
12) 25-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни ва биологик организмларни чиқарганлик, унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатганлиги учун компенсация тўловларини тўлаш корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ҳавони муҳофаза қилиш тадбирларини бажаришдан ҳамда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятидан озод этмайди»;
13) 26-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси чиқариб ташланди; тўртинчи ва бешинчи хатбошилари тегишинча учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисобланди;
14) 28-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан давлат экологик назорати махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан экологик назорат бўйича махсус ваколатли давлат органларидир.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қуйидагиларни амалга оширади:
атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши устидан давлат экологик назоратини;
давлат ва идоравий экологик назорат соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти мувофиқлаштирилишини.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-муҳофаза ва турар жой зоналарида атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатилиши устидан давлат экологик назоратини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фойдаланилиши атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатадиган автомототранспорт воситалари устидан давлат экологик назоратини амалга оширади.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади»;
15) 30-модда чиқариб ташланди.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Мавзуга оид
09:59
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
15:01 / 05.11.2024