Жаҳон | 23:13 / 14.03.2019
6947
2 дақиқада ўқилади

Жээнбеков Қирғизистоннинг ташқи сиёсатидаги асосий ютуқлар ҳақида сўзлаб берди  

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат ташқи сиёсатида 2018 йилда эришилган асосий ютуқлар ҳақида сўзлаб берди. Жээнбеков бунга Қирғизистон дипломатик миссиялари раҳбарлари билан йиғилишда тўхталиб ўтди.

Қирғизистон етакчисининг таъкидлашича, 2018 йилда қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича сермашаққат иш олиб борилди.     

“Биз яқин қўшниларимиз – Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳамкорликни мустаҳкамладик. Мен барча қўшни давлатларга ташриф буюрдим. Қозоғистон президенти билан чегара, савдо ва бошқа соҳалардаги масалаларни ҳал қилдик. Ҳозирда Қозоғистон билан сувдан фойдаланиш, ветеринария ва фитосанитар назорат соҳасидаги масалалар муҳокама қилинмоқда”, деб айтган Жээнбеков.

Унинг айтишича, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон президентлари билан ўзаро ишончли муносабатлар йўлга қўйилган. 

“Асосий вазифамиз Ўзбекистон ва Тожикистон билан давлат чегарасини делимитациялаш жараёнини якунлаш ҳисобланади. Туркманистоннинг ёнилғи-энергетика ва инвестиция соҳаларидаги имкониятларидан фойдаланиш биз учун муҳим аҳамиятга эга”, деб таъкидлаб ўтган Қирғизистон раҳбари. 

Мавзуга оид