Light | 19:00 / 14.03.2019
26591
6 дақиқада ўқилади

Оламшумул хайриялар қилган инсонлар

Хайрия эзгу амал эканлиги исбот талаб қилмас ҳақиқат. Барча динларда, ҳамма жамиятларда муҳтожларга кўмак берувчилар олқишланади. Дунёда шундай сахий инсонлар, ҳамма танийдиган меценатлар борки, улар қилган хайрия маблағлари чиндан ҳам ҳайратлантиради, бошқаларни ҳам бундай ҳаракатларга чорлайди.

Қуйидаги рўйхатни кузатарканмиз бир ҳақиқатни тан олишга мажбур бўламиз: бойлар хайрия қилишмайди, хайрия қилганлар бой бўлишади.

Билл Гейтс

Фото: Getty Images

Америкалик бизнесмен Билл Гейтс нафақат узоқ йиллар миллиардерлар рейтингини бошқаргани билан, балки улкан хайрия акциялари билан ҳам ном қозонган. 20 йил давомида узлуксиз етакчи миллиардер бўлгани ҳолда у 2008 йилда Microsoft компанияси бошқарувини тарк этиши ва ўзининг асосий вақтини хайрия ишларига қаратишини маълум қилади. Бундан олдинроқ у ўз турмуш ўртоғи билан “Билл ва Мелинда Гейтс” халқаро хайрия жамғармасига асос солган ва ўз акциялари ва даромадларининг асосий қисмини шу жамғарма ихтиёрига ўтказишини маълум қилганди. 

Тез орада Билл Гейтс ўз ваъдаларини амалда ҳам исботлайди ва 2010 йилда қашшоқ давлатлардаги асосий муаммоларни бартараф этиш учун бирваракайига 10 млрд доллар ажратади. Умуман бу жамғарма шу кунга қадар безгак, ОИТС, ҳожатхоналар муаммолари, сил касаллиги каби глобал муаммоларга қарши 30 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Шунингдек, бугунги кунда деярли 100 млрд доллар эгасига айланган Билл Гейтс ўз дўстлари бўлган миллиардерларни ҳам фаол хайрияга чорлайди.

Уоррен Баффет

Фото: AP Photo/Nati Harnik

Яна бир миллиардер Уоррен Баффет ҳам ўзининг хайрия ишлари билан машҳур. “Ҳар бир соҳадан пул қиладиган корчалон” номини олган Баффет хайрияда ҳам ҳамма соҳаларга сарфлайверади. У ўз акцияларининг 5 фоизини турли жамғармаларга кўмак тарзида ажратган. Уоррен Баффет Билл Гейтснинг яқин дўсти бўлиб, “Билл ва Мелинда Гейтс” жамғармасига ўз хайрихоҳлигини билдирган ва бошқа миллиардерларни ҳам хайрияга чорлаб “Ваъда бераман” (яъни ўз бойлигимни хайрияга сарфлашга ваъда бераман) деган ташаббус билан чиққан. Унинг турли йиллардаги умумий хайрия маблағлари миқдори 25 млрд доллардан ортади.

Ингвар Кампрад

Фото: TT News Agency/Claudio Bresciani via REUTERS

Ўта камтарона ҳаёт кечириши билан ном қозонган швед миллиардери умрининг охирига қадар эски автомобиль минган, харобгина уйда яшаган, оддий мебеллардан фойдаланган. Ишчиларидан ҳам қоғознинг ҳар икки томонидан фойдаланишни талаб қилган. Бойлиги 40 млрд долларга етганида ҳам у бу одатларидан воз кечмаган.

Шунга қарамай, Кампрад хайрияда жуда фаол бўлган. У 1982 йилда асос солган Stichting INGKA Foundation жамғармаси қатор жиддий муаммолар билан курашади. Миллиардер ўз компаниясидаги улушини тўлалигича хайрияга сарфлаган.

Майкл Блумберг

Фото: EPA/CHRISTOPHE PETIT TESSON

Тақрибан 40 миллиард эгаси бўлган Майкл Блумберг нафақат зукко тадбиркор ва бизнес таҳлилчиси, балки сахий инсон ҳамдир. У асосан ўпка касалликлари билан курашувчи жамғармаларни қўллаб-қувватлаши билан ном қозонган. Хусусан сил касаллиги, бронхиал астма ва чекиш асоратларини йўқотиш учун 4,2 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Шунингдек Блумберг ёшларни чекишдан қайтаришга оид қатор лойиҳаларга ҳомийлик қилади.

Ол-Валид бин Талал

Фото: REUTERS

Саудиялик шаҳзода 2015 йилда дунё миллиардерлари қилаётган хайриялардан илҳомланиб, ўзи тасарруфидаги 32 млрд долларнинг барчасини хайрия жамғармаларига сарфлашини эълон қилиб юборди. У бу хабарни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлади. Хайрия йўналишини у аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва табиий офатлар оқибатларини бартараф қилиш деб белгилади. Бу ишдаги натижалари бўйича аниқ маълумотлар йўқ, сабаби Саудия Арабистонида ҳукумат алмашинуви, хусусан валиаҳд шаҳзоданинг ҳокимият тизгинини ўз қўлига олиши ортидан кўпчилик миллиардерлар ўз маблағларининг сезиларли қисмини бюджетга беришга мажбур бўлдилар.

Алишер Усмонов

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов ҳам қатор хайрия лойиҳаларини молиялаштиради. У асосан спорт, хусусан бадиий гимнастика ва футболга катта хайриялар қилади. Миллиардер томонидан 2006 йилда асос солинган “Санъат, фан ва спорт” жамғармаси бу жараён билан бевосита шуғулланади.

Алишер Усмонов Ўзбекистондаги жараёнларга ҳам бефарқ эмас. Президент Шавкат Мирзиёев россиялик миллиардер томонидан Наманган вилоятига «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилиши учун 50 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам ажратилиши ҳақида маълум қилган

Марк Цукерберг

Фото: AP Photo/Eric Risberg

У Facebook асосчиси, у энг ёш миллиардерлар етакчиси, у энг улкан хайриялар соҳиби. Цукербергнинг дастлабки икки хислати ҳақида жуда яхши биласиз, биз айнан учинчи хислатига тўхталамиз.

Қизи туғилиши арафасида у фарзандига атаб ёзган хатини келажакка йўлланган мактуб сифатида таърифлаган ҳамда ўз акцияларининг 99 (!) фоизини хайрия мақсадларида сарфлашини маълум қилган. 34 ёшли Марк Цукербергнинг бойлиги 60-70 млрд доллар атрофида эканлиги ҳисобга олинса, ҳали бирор миллиардер бу қадар катта хайрга жазм қилмагани маълум бўлади.

Миллиардер ўз рафиқаси Присцилла Чанг билан бирга асосан болалар саломатлиги билан боғлиқ масалаларда хайрия қилишади.

Саховатнинг кичиги ҳам улкан савобларга сабаб бўлиши мумкин. Kun.uz муштарийлари ҳам хайрия ишларида фаолликлари билан ажралиб туришади. Сиз азизлар томонингиздан қилинган эҳсонлар туфайли юзлаб бемор ҳамюртларимиз ўз дардларига шифо топишмоқда, мураккаб вазиятлардан чиқишмоқда. Биз кўпчилигингизни танимаймиз, лекин ҳар бирингиздан миннатдормиз.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид