Жаҳон | 07:42 / 14.03.2019
4968
2 дақиқада ўқилади

Венесуэлада электр таъминоти тўлиқ тикланди

Фото: REUTERS

Венесуэла алоқа ва ахборот вазири Хорхе Родригес мамлакатда электр таъминотидаги  муаммолардан кейин 13 март куни электр энергия узатиш тўлиқ тикланганини маълум қилди. 

“Бугун электр энергия узатиш 100 фоизга тикланди”, деб маълум қилган Родригес телевидение орқали. Шу билан бирга у бир қатор жойларда трансформаторлар портлагани сабабли ҳамон муаммолар борлигини тан олган.

Шунингдек, мамлакат раҳбарияти электр таъминотидаги инқироз сабабли 14 мартни ўқувчилар учун қаторасига 7-дам олиш куни деб эълон қилди. 

“Президент Николас Мадуро 14 март куни барча меҳнат фаолияти: давлат, хусусий, тижорат, ишлаб чиқариш бутун мамлакат бўйлаб тикланиши ҳақидаги қарорни қабул қилди. Мактабдаги машғулотлар эса яна 24 соатга тўхтатилди”, деб қўшимча қилган вазир.

Венесуэлада 7 март куни мамлакатдаги энг йирик ГЭСдаги авария сабабли энергетик коллапс юз берди. Венесуэла миллий электр энергия корпорацияси Corpoelec аварияни қўпорувчилик ва мамлакатга қарши энергетик урушнинг бир қисми деб атаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид