Жаҳон | 21:10 / 15.03.2019
15891
2 дақиқада ўқилади

Ғарб давлатлари Сурияни тиклашда ёрдам беришдан бош тортди

АҚШ, Франция, Германия ва Буюк Британия Суриядаги вазиятни “ҳақиқий сиёсий тартибга солиш” бошланмагунча, ушбу давлатни тиклашда иштирок этмоқчи эмас. Бу ҳақда ушбу давлатларнинг қўшма баёнотида айтилган.
  
“Биз шуни аниқ айтамизки, ишончга лойиқ, атрофлича ва ҳақиқий сиёсий жараён бошланмагунча, Сурияни тиклаш мақсадида бирор-бир ёрдам тақдим қилиш масаласини кўриб чиқмаймиз”, дейилган баёнотда.

Ҳужжатда айтилишича, бу давлатлар Сурия ихтилофи вақтидаги жиноятларда айбдорларни жавобгарликка тортишга эришмоқчи.

“Россия ва Сурия қочқинларнинг уйларига хавфсиз қайтишлари ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, мамлакатни тиклаш ва вазиятни нормаллаштириш учун барча шароитлар бордек кўринишни тўхтатиши лозим ва биз бу давлатларни тинчликка олиб кела оладиган музокараларга жиддий ёндашишга чақирамиз”, дейилган баёнотда. 

Баёнот муаллифларининг фикрича, Сурия ҳукумати ва унинг тарафдорлари “бутун дунёни ихтилоф тугаганига ва ҳаёт ўз маромига қайтганига ишонтирмоқчи бўлмоқда”, бироқ ҳақиқатда “Сурия халқининг тузум томонидан эзилиши тугамаган”. 

Сурия президенти Башар Асад 2018 йилда мамлакатни тиклаш бўйича лойиҳаларга Европа ва АҚШни жалб қилмаслигини айтган. Асад таъкидлаганидек, мамлакат фақат ўзигагина, қийин вазиятларда эса дўстларигагина ишонади.  

Мавзуга оид