Жамият | 11:51 / 19.03.2019
20513
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳар судининг минг доллар пора билан қўлга тушган ходимига ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди архив мудири С.Ш.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Судда аниқланишича, С.Ш. 2018 йил 16 ноябрь куни фуқаро Б.Б. танишлари З.Н. ва Э.Х. ўртасидаги қонуний никоҳни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси орқали бекор қилиб беришда ёрдам сўраган. Суд ходими даъво аризаси топширилиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари (405.460 сўм) миқдорида давлат божи банк кассаси орқали топшириши лозим бўлса-да, Б.Б алдаб ундан 600.000 сўмни шу куни олиб, суднинг ҳисоб рақамига топширмасдан, ўзининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборган.

Орадан бир неча кун ўтиб, суд ходими С.Ш. ўзининг ноқонуний қилмишини давом эттириб, фуқаро Б.Б.нинг ишончини суиистеъмол қилиб, қонунга хилофлигини била туриб, З.Н. ва Э.Х. ўртасидаги қонуний никоҳини фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси орқали 1000 АҚШ доллари эвазига бекор қилиш ҳақида қонуний ҳал қилув қарор чиқаришни ваъда қилади.

2018 йил 22 ноябрь куни соат 10:30да ўзи меҳнат фаолиятини юритиб келган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди биносида жойлашган хизмат хонасида 1000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида, жиноят устида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судя А.Олтибоев раислигида ўтган суд мажлисида судланувчи С.Ш.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28-, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 2 йил муайян ҳуқуқдан — яъни, суд тизими ва бошқа муассасаларда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид