20:34 / 22.03.2019
7192

Бразилиянинг собиқ президенти жиноий гуруҳга бошчилик қилгани ўрнатилди  

Фото: EPA-EFE/Joedson Alves

Бразилиянинг собиқ президенти Мишел Темер мамлакат ҳудудида 40 йил давомида ҳаракат қилган уюшган жиноий гуруҳга бошчилик қилган. Бу ҳақда прокуратура вакили Фабиана Шнейдер матбуот анжуманда маълум қилди. 

Терговчиларнинг айтишича, жиноий гуруҳ коррупцион фаолиятининг баъзи ҳолатлари ХХ асрнинг 80-йилларида содир этилган. Ўшанда Темер Сан-Паулу штати маҳаллий ҳукуматида ишлаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фикрича, жиноятчилар томонидан 1,8 млрд реал (470 млн доллар) олинган. Темердан ташқари, унинг анча йиллик сафдоши, истеъфодаги полковник Жоау Батиста Лима ва Темер ҳукуматида энергетика вазири лавозимини эгаллаган Уэллингтон Морейра Франку ҳам ҳибсга олинган. Уларга хизмат йиллари ва ўз лавозимларидан кетганларидан кейин коррупцион жиноятлар ва пул ювишда иштирок этиш айбловлари билдирилган.

78 ёшли Темер ва унинг шерикларининг қанча муддат ҳибсда ушлаб турилиши ҳали белгиланмаган. Полицияда улар озодликда қолиб, терговга тўсқинлик қилишларидан хавотир билдирилмоқда.  

Темер коррупцион тергов натижасида панжара ортига жўнатилган Бразилиянинг иккинчи етакчиси бўлди: 2003-2010 йилларда Бразилия президенти лавозимини эгаллаган Луис Инасиу Лула да Силва тергов натижаларига кўра 2018 йил апрелида панжара ортига жўнатилганди.   

Top