Жамият | 11:40 / 23.03.2019
7131
5 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири навбатдаги саломатлик кунига старт берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган бу галги республика оммавий тадбири «Саломатлик сари қадам куни» деб номланди.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний фаолликка чорлашни мақсад қилган мазкур тадбир юртимиздаги барча туман ва шаҳарлардаги истироҳат боғларида ўтказилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мусобақаларда ҳудудда жойлашган барча тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотлардан келган жамоалар иштирок этишди. Ушбу куннинг байрамона кайфиятда ўтишида тиббиёт соҳасининг кўзга кўринган, тажрибали шифокор олимлари билан биргаликда тегишли ҳокимликларнинг маданият бўлимлари, санъат саройлари вакиллари, ўша ҳудудда яшовчи фан, маданият, санъат арбоблари, спорт намоёндалари, халқ орасида обрў-эътиборга эга кишилар ҳам муносиб ҳисса қўшишди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Жумладан, пойтахтдаги Заҳриддин Муҳаммад Бобур номидаги марказий экобоғда жам бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ҳамда бошқа ҳамкор давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг оммавий равишда 4 километр масофага юриши билан Саломатлик сари қадам кунига старт берилди. Шунингдек, ҳар бир муассаса жамоалари шахмат, шашка, югуриш, эстафета, арқонда сакраш, бадминтон, стол тенниси, спорт юриши, тўсиқлардан ўтиш эстафетаси ҳамда ҳалқа айлантириш спорт турлари бўйича ўзаро беллашди. Ушбу спорт турларидаги мусобақаларда қатнашиш, аввало, саломатлик гарови. Шунингдек, мантиқан фикрлаш, хотира ва диққатни чархлайди, бўғимларнинг ҳаракатчанлиги яхшиланиб, куч, тезлик, чидамлилик ва қобилиятни тарбиялайди. Бундан ташқари, юқори елка камари, оёқ-қўллар мушаклари иши фаоллашиб, организмнинг ҳамма аъзолари ва тизимлари иши рағбатлантирилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

«Бугунги кунда одамларда камҳаракатлилик оқибатида юзага келаётган турли касалликлар дунё миқёсида глобал муаммога айланган. Камҳаракатли ҳаёт тарзи шу тариқа давом этса, келгусида беморлар тиббиёт тизимидаги барча стационар шифохоналарга ҳам сиғмай қолиши мумкин. Бу нафақат жамият учун, балки ҳар бир шахснинг ўзи учун ҳам жиддий ташвишдир. Шу боис, соғлом турмуш тарзига амал қилиш юқоридаги каби глобал муаммоларга ечим бўлади. Президентимиз тиббиёт ходимлари олдига касалликни эмас, аввало, унинг профилактикасига эътибор қаратишни муҳим вазифа сифатида қўяётгани ҳам бежиз эмас. Шунинг учун вазирлигимиз ушбу йўналишдаги тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада оммавий тадбирларни мунтазам ўтказиб келмоқда. Бу эса аҳолининг жисмоний фаолликка бўлган қизиқишини ошириб, ўз саломатлигига эътиборли бўлишида муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги тадбирни ҳам бежизга юриш билан бошламадик. Мунтазам юриш қон босимини меъёрда ушлайди, хотиржамлик бахш этади. Масалан, тоза ҳавода, ҳатто, ёмғирли кунда ҳам атиги 25 дақиқа сайр қилсангиз, ўзингизни яхши ҳис қиласиз, тушкунликни енгасиз», дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмонов.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

«Оммавий тадбир доирасида аҳолининг саломатлик ҳолатини баҳолаш, ноинфекцион касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини аниқлаш ҳамда уларнинг профилактикаси бўйича тегишли маслаҳатларни бериш мақсадида вазирлик томонидан «Саломатлик майдончалари» ташкил қилинди. Шунингдек, мутахассислар томонидан «Соғлом турмуш тарзи асослари», «Соғлом овқатланиш тамойиллари», «Жисмоний фаолликнинг инсон организмига таъсири» мавзуларида суҳбатлар ташкил этилгани аҳолининг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини оширди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан уюштирилган мазкур оммавий тадбир юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда ташкил этилди. Эслатиб ўтамиз, келгуси шанба, 30 март вазирлик томонидан мамлакатимиз ҳудудларида Велосипедда сайр куни ўтказилади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

 

Мавзуга оид