Жамият | 23:40 / 26.03.2019
20225
3 дақиқада ўқилади

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинларининг жанговар шайлиги тўсатдан текширувдан ўтказилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бугун, 26 март куни эрталабдан мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғининг фармойишига кўра Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини тўсатдан текшириш режасига асосан, Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан вазирлик бўлинмаларининг жанговар шайлик даражаси босқичма-босқич тарзда ўқув синовларидан ўтказилмоқда. Бу галги текширувга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг барча ҳарбий бўлинмалари жалб этилди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўқув машқлари 26-29 март кунлари Қашқадарё вилоятидаги “Муборак” ва “Нуристон” полигонларида, шунингдек, ҳарбий округнинг бошқа ҳудудларида бўлиб ўтади.

Текширувларнинг асосий мақсади бўлинмаларнинг жанговар шайлиги ва жипслигини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳарбий қисмлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг ўқув-жанговар вазифаларни бажара олишга тайёргарлигини назоратдан ўтказишдан иборат.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тўсатдан текширувнинг биринчи куни юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилган бўлинмаларнинг белгиланган ҳамда нотаниш ҳудудларга ҳаракатланиши ва олиб ўтилиши масалалари амалда бажарилди. Баъзи бўлинмаларнинг шахсий таркиби Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларининг ҳарбий авиацияси ёрдамида ҳаво орқали олиб ўтилиши таъминланди. Қолган бўлинмалар штатдаги ҳарбий техникаларда узоқ масофаларга марш уюштирди.

Мажмуавий текширувларда Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг ҳудудий бўлинмалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг кўрсатмасига мувофиқ, 2018 йилнинг ноябрь ойида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги биринчи марта кенг кўламли тўсатдан текширувдан ўтказилган эди.

Мавзуга оид