Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Наманган вилоятига бўлган ташрифи давомида кортежидан тушиб халқ орасига кириб борди. Улар билан яқиндан суҳбатлашди. Ўтган вақт давомида давлат мансабдор шахсларга раҳбар қандай ишлаши кераклигини тушунтириб келмоқда. Халқ дарди билан ёниб, уларнинг муаммолари ижобий ҳал этилишида жонбозлик кўрсатишларини талаб қилмоқда. Лекин амалда-чи? Афсуски, баъзи жойларда бунинг аксини кўриш мумкин.

Ижодий жамоамиз билан яқинда Сурхондарё вилоятига бордик. Қумқўрғон тумани «Дўстлик» МФЙда истиқомат қилувчи кишилар билан суҳбатлашдик. Уларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар дардга тўлган. Уларнинг яшаш жойларини кўриб кишининг раҳми келади. Шу ерларда келажагимиз деб умид билдираётган ёшлар, тажрибаларини улашишга тайёр турган нуроний отахон-онахонлар, орзуларга тўла ёш оилалар яшаётганини кўриб, ҳайрон қоласан киши.

Бинолар жуда хароб ҳолга келиб қолган. Бир неча йиллардан бери хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатига тўлов қилаётган инсонлар уйининг том қисмигина талаб даражасида холос. Вертолётдан қарасангиз ҳаммаси жойида. Уларнинг ичига кириб борсангиз-чи?! Умуман бошқа ҳолат.

Баҳор келиб ҳаво исиганда борибмиз. Асфальт деган қурилиш материалининг ўзи йўқ. Ёмғирдан кейин қуёшда қуриб қотиб қолган лойлар ёнидан машина ўтса атрофи чангга булғанади. Ёш болажонлар эса ўйин майдончалари йўқлигидан чангга тўла масканда ўйнамоқда. Маълумотларга қараганда, электр энергияси тез-тез ўчади. Газ ҳам етарли миқдорда берилмаганидан аҳоли қишни зўрға ўтказган. Ичимлик суви эса умуман йўқ.