Жаҳон | 15:24 / 27.03.2019
49005
4 дақиқада ўқилади

Литва суди СССР мудофаа вазирини 10 йиллик қамоққа ҳукм қилди

Фото: ТАСС/Станислав Красильников

Вильнюс (Литва) округ суди ҳарбий жиноятлар ва инсонга қарши жиноятларда айбланган СССР собиқ мудофаа вазири Дмитрий Язовни сиртдан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақида «Интерфакс» хабар бермоқда.

1991 йилнинг 13 январида Вильнюсда содир бўлган тартибсизликлар бўйича иш юзасидан эшитувлар бўлиб ўтди. Литва Бош прокуратураси версиясига кўра, СССР олий раҳбарияти уларни ташкиллаштириш ортида турган. Судда худди шу айблов бўйича КГБ собиқ зобити Михаил Головатовга ҳам ҳукм чиқарилди, у 12 йиллик қамоққа маҳкум этилди.

1991 йилнинг 13 январида Вильнюсда содир бўлган тартибсизликлар
Фото: AP Photo/Alexander Zemlianichenko

94 ёшли Язов Литвани СССР таркибига қайтариш мақсадида уюшган ҳарбийлашган гуруҳни ташкил этишда айбланмоқда. Тергов версиясига кўра, 1990 йилда тузилган гуруҳга 160 нафар ҳарбийлар ва сиёсатчилар кирган. Собиқ мудофаа вазири Коммунистик партия кўмагида Болтиқбўйи давлатида ҳокимиятни қўлга олиш режасини ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берган. Режада давлат бошқаруви органлари, алоқа йўллари ва давлат матбуоти, жумладан, Матбуот ва телемарказ уйини эгаллаб олиш назарда тутилган.

Айблов хулосасига мувофиқ, СССР ИИВ собиқ раҳбари Борис Пуго, СССР КГБ раиси Владимир Крючков, шунингдек, Коммунистик партия Марказий қўмитаси котиби ва Сиёсий бюроси аъзоси Олег Шенин Язов билан биргаликда ҳаракат қилган.

1991 йилги тартибсизлар иши доирасида Россия, Беларусь ва Украинанинг 67 фуқароси номи қайд этилган. Уларнинг аксарияти сиртдан жавобгарликка тортилган. Аввалроқ, Россиянинг фақат икки фуқароси суд олдида жавоб бергани маълум қилинганди - Вильнюсда яшовчи, 1991 йили 107-мотоўқчилар дивизияси ракета-артиллерия қуроллар хизмати бошлиғи бўлган Геннадий Иванов, ҳамда Литвада ҳибсга олинган, қуролли кучлар фахрийси, захирадаги полковник, россиялик Юрий Мель. У, прокурорлар маълумотига қараганда, телеминорага ҳужум пайтида совет танкларидан бирида бўлган.

2016 йилда Литва терговга ёрдам бериш масаласи бўйича Россияга мурожаат қилди ва СССР собиқ президенти Михаил Горбачёвга Вильнюс округ судига чақирув тўғрисидаги ҳужжатларни топширишни сўради, бироқ Москва Вильнюсга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан бош тортди. 2018 йил 23 июлда Россия Тергов қўмитаси Литва Бош прокуратураси ва судининг шу иш билан шуғулланаётган мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш очди.

1991 йил бошида, Литва СССРдан ажралиб чиқиши ҳақида эълон қилганидан деярли бир йил ўтиб, Вильнюсда тартибсизликлар бошланди. 13 январга ўтар тунда совет қўшинлари шаҳар телемарказига ҳужум уюштирди, амалиёт давомида 15 киши ҳалок бўлди, 700дан ортиқ инсон яраланди. Ушбу ҳодисалар юзасидан Литва прокуратураси 20 йил муқаддам иш очган. 2010 йилда 23 нафар гумондорга (кўпчилиги россиялик, иккиси - Беларусь фуқароси) нисбатан ишлар бўйича белгиланган муддат бекор қилинди. Евроиттифоқ ҳудудида гумонланувчилар қидирувга берилди.

Бундан олдин, Россия ТИВ СССР даврида Марказий Осиёда юз берган очарчилик мавзуидаги чиқишларни иғвогарлик деб атаганди.

Мавзуга оид