Венесуэла долларга ўтди
Венесуэла аҳолисининг тўртдан бир қисмидан кўпроғи (саккиз миллионга яқин киши) гиперинфляция туфайли кундалик харажатларни тўлашда Америка долларидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ёзяпти. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг сўзларига кўра, супермаркетлар фақат нақд пул ёки долларни қабул қилмоқда. Шу билан бирга, улар ҳар доим ҳам қайтимни қайтармайди: агар харидор 50 долларлик купюра билан келса, унда, катта эҳтимол билан, у барча пулни сарфлашга мажбур бўлади.
2018 йилнинг ёзида мамлакатда валюта назорати эркинлаштирилганидан сўнг Венесуэлага пул ўтказмалари ҳажми ҳам ортди. Хусусан, агар 2018 йилда ўтказмалар ҳажми 1,9 миллиард долларга тенг бўлган бўлса, 2019 йилда бу тўрт миллиардни ташкил этмоқда. Газета ҳисоб-китобларига қараганда, яна 1,5 миллиардни венесуэлаликлар хорижий ҳисоб рақамларидан ечиб олиши мумкин.
Бироқ чет элдан пул жўнатмаларининг ўсиши жамиятдаги табақаланишни кучайтирмоқда, сабаби барча венесуэлаликларда ҳам Америка валютасини юбориши мумкин бўлган қариндошлари бор, деб бўлмайди. Инқироз шароитида бундай кишилар янада қашшоқлашади. Нашрнинг қайд этишича, асосан чет элдан жўнатмаларни аёллар олади - ишлаш учун кетган эркаклардан. Долларга эга бўлмаган мамлакат аҳолиси эса ўзаро ҳисоб-китобнинг бошқа усулларига, хусусан, бартерга ўтишга мажбур бўляпти.
Ҳозирги шароитда, чет элдан келаётган Америка валютаси ҳажми Венесуэланинг нефтдан оладиган даромадидан ҳам ошиб кетиши мумкин. Жорий йилда бу 4,7 млрд долларлик даражада кутиляпти. «Долларлашув натижасида нефть иқтисодиёти пул ўтказмаларига боғлиқ иқтисодиётга айланмоқда», - дея маълум қилди Dinámica Venezuela консалтинг фирмаси президенти Эдуардо Фортуни.
Венесуэла президенти Николас Мадурога 2013 йилда ҳокимият тепасига келганидан буён мамлакат иқтисодиёти икки баробарга қисқарди. Бунга мамлакат экспорт тузилмасида 80 фоизни (2017 йил бўйича маълумот) ташкил этувчи нефть нархининг тушиб кетиши, шунингдек, хусусий мулкни давлат мулкига айлантириш ва социалистик сиёсат сабаб бўлди. 2018 йил якунлари бўйича мамлакатда инфляция йиллик миқёсда 1,3 млн фоизга етди.
БМТ маълумотларига кўра, 2018 йил охирида Венесуэлани тарк этган фуқаролар сони уч миллион кишини ташкил қилган. Бу аҳолининг қарийб 10 фоизидир.
Бундан олдин, мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо венесуэлаликларни тайёр туришга чақирганди.
Мавзуга оид
21:33 / 29.10.2024
Олтинга қизиқишнинг ошаётгани доллар доминантлигига соя солади — FT
20:37 / 24.10.2024
Сахаров мукофоти Венесуэла демократик ҳаракати етакчиларига берилди
19:36 / 24.10.2024
Қозондаги саммитда БРИКСнинг рамзий купюраси кўрсатилди. У рамзийлигича қоладими?
11:30 / 17.10.2024