Жаҳон | 20:37 / 24.10.2024
1885
2 дақиқада ўқилади

Сахаров мукофоти Венесуэла демократик ҳаракати етакчиларига берилди

Ғолиблар Венесуэла ҳукумати томонидан уюштирилган репрессиялар қурбони ҳисобланади. Мукофотни топшириш маросими 18 декабр куни Страсбургда бўлиб ўтади.

Фото: AP

Европа парламенти президенти Роберта Мецола ялпи мажлисда Сахаров мукофотининг лауреатлари номини эълон қилди. Европарламент президентлари конференцияси қарорига кўра, венесуэлалик Мария Корина Мачадо ва Эдмундо Гонсалес Уррутия мазкур мукофотга муносиб кўрилди.

«Андрей Сахаров номидаги «Фикр эркинлиги учун» мукофоти мамлакатдаги ва чет элдаги барча венесуэлаликлар манфаатларини ҳимоя қиладиган, озодлик ва адолатсизлик қаршисида демократияни қайта тиклаш учун курашаётган Венесуэла демократик кучлари етакчиси Мария Корина Мачадо ҳамда янги сайланган президенти Эдмунд Гонсалес Уррутияга берилди», — дейди Мецола.

Мецоланинг таъкидлашича, Европарламент «Венесуэла халқи ва унинг демократик келажак учун курашида ёнма-ён туради».

Ғолиблар Венесуэла ҳукумати томонидан уюштирилган репрессиялар қурбони ҳисобланади. Ўтган йилнинг июл ойида ўтказилган президентлик сайловларидан кейин, мухолифат маълумотларига кўра, Гонсалес Уррутия ғолиб чиққан, Мария Мачадо эса яширинган, Уррутия Испанияга қочиб, сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган.

Мукофотни топшириш маросими 18 декабр куни Страсбургда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий мукофоти 2022 йилда вафот этган Маҳса Аминий ва унинг ўлимидан кейин бошланган оммавий норозилик намойишлари иштирокчиларига берилганди.

Мукофот совет назариётчи физик олими, СССР Фанлар академияси академиги, жамоат арбоби, диссидент ва ҳуқуқ фаоли Андрей Дмитриевич Сахаров (1921—1989) номи билан аталади. У биринчи совет водород бомбасининг яратувчиларидан бири. 1975 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати. Совет қўшинларининг Афғонистонга киришини қоралаган баёнотлардан сўнг у барча совет мукофотларидан маҳрум қилинди ва 1980 йил январ ойида мамлакатдан чиқариб юборилди. 1986 йилда КПСС Марказий Комитети бош котиби М.С.Горбачёв унга сургундан Москвага қайтишга рухсат берди.

Мавзуга оид