Қонун ҳужжатларидаги юридик шахслар устав фонди энг кам миқдори тўғрисидаги талаб чиқариб ташланди
Қонун ҳужжатларидаги юридик шахслар устав фондининг энг кам миқдори тўғрисидаги талаблар чиқариб ташланди (20.03.2019 йилдаги ЎРҚ–531-сон Қонун). Бу ҳақда Norma ёзмоқда.
Илгари акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар, хўжалик ширкатлари ва оилавий корхоналарни рўйхатдан ўтказишда уларнинг устав фонди белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги керак эди. Юридик шахсларнинг санаб ўтилган ташкилий-ҳуқуқий шакллари устав фондларининг энг кам миқдорлари қонун ҳужжатларида қайд этиларди.
Бир томондан, бу бизнеснинг, айниқса салмоқли миқдордаги бошланғич қўйилмани талаб қилмайдиган турларининг (масалан, консалтинг) ривожланишига тўғаноқ бўлувчи омил эди. Бошқа томондан – турли юридик кучга эга норматив ҳужжатлар ҳар хил талқин қилинарди. Масалан, қонунга кўра АЖ устав фондининг энг кам миқдори – 400 минг АҚШ доллари, қонуности ҳужжатларда эса у аввал 1 600 млн сўм миқдорида белгиланган, кейин эса уни 400 млн сўмгача пасайтиришга қарор қилинган.
Киритилган тузатишлар ушбу муаммоларни бартараф этди. Энди муассислар устав фондининг миқдорини эркин белгилай оладилар, унинг қуйи чегаралари мавжуд эмас. Бироқ устав фондининг энг кам миқдори тўғрисидаги талаблар қуйидагилар сифатида сақланиб қолмоқда:
а) лицензия талаби. Масалан, қуйидагилар билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия олиш мақсадида муайян миқдордаги устав фондини шакллантириш зарур:
• банк фаолияти – камида 100 млрд сўм;
• микрокредит ташкилотлари фаолияти – камида 2 млрд сўм;
• ломбардлар фаолияти – камида 500 млн сўм;
• суғурта фаолияти – турларига қараб табақалаштирилган;
• этил спирти ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш – камида 10 000 ЭКИҲ;
• лотереялар ташкил этиш фаолияти – камида 200 млн сўм;
• «чиқиш ва кириш туризми» йўналиши бўйича фаолият – камида 400 ЭКИҲ;
б) хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун талаб. Уларда устав фондининг энг кам миқдори 400 млн сўмни ташкил этади, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти ҳудудида эса – 200 млн сўм.
Қонун 21.03.2019 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
09:00 / 18.09.2024
Товар-хомашё биржалари учун янги талаблар белгиланди
12:40 / 20.07.2024
Туризм соҳасидаги фаолиятга қўйиладиган талаблар соддалаштирилди
07:51 / 07.10.2023
1 ноябрдан Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича янги талаблар кучга киради
13:07 / 24.02.2023