Ўзбекистон | 09:28 / 30.03.2019
8014
2 дақиқада ўқилади

Кувайт бош вазири биринчи ўринбосари, мудофаа вазири Ўзбекистонга шахсий ташриф билан келди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрида мамлакатда шахсий ташриф билан бўлиб турган Кувайт давлати бош вазирининг биринчи ўринбосари, мудофаа вазири Шайх Носир Сабоҳ ал-Аҳмад ас-Сабоҳ билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини ривожлантириш, уларга кўп қиррали тус бериш учун сезиларли салоҳиятнинг мавжудлиги эътироф этилган.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳадаги алоқаларни ривожлантиришнинг устувор вазифаларига, Ўзбекистонда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун Кувайт араб иқтисодий ривожланиш фонди ва бошқа инвесторларнинг молиявий маблағларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Оролбўйи минтақасида ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқариш тўғрисида келишиб олинди.

Шунингдек, Марказий Осиёни Яқин ва Ўрта Шарқ минтақаси билан боғловчи транспорт коридорларини диверсификация қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди. Шу жиҳатдан «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон» транспорт коридорининг муҳимлиги қайд этилди.

Учрашувда икки томон кун тартибининг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Музокараларда Кувайт элчиси Аҳмад Холид Ал-Жийрон иштирок этган.

Мавзуга оид