Жамият | 19:25 / 31.03.2019
9044
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда китобхонлик танлови ўтказилади: Мукофот жамғармаси битта «Спарк» автомобили ва 3,2 миллиард сўмдан иборат

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Қўшработ туманидаги ўзи таҳсил олган 64-ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, 64-, 41- ва 19-мактаб ўқувчиларига китоб совға қилди.

Вилоят ҳокими ўқувчи ёшлар билан суҳбатлашар экан, бу хайрли ташаббус ҳақида сўзлаган.

«Сўнгги йилларда аксарият ёшлар китоб ўқишга қизиқмай қўйишгани рост гап. Улар кўпроқ интернетдан маълумотлар излашга, янгиликларни ҳам онлайн тарзда топиб ўқишга, телефон орқали турли ўйинлар, суратлар, видеолар кўришга мойилдирлар. Бунинг салбий таъсири ёшлар тарбияси, одоб-ахлоқи, маънавиятида зарарли из қолдириши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларимизни китобга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини барча юртдошларимиз қатори, мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Чунки китоб — битмас-туганмас хазина, билим манбаи.

Ўқувчи ёшлар билан учрашиб, китоб ўқиган одам ҳеч қачон хор бўлмаслигини, китобхон қаҳрамонлардек юксак интилишлари билан бирга яшаши, ҳаётда қийналганида, тушкунликка тушганида ушбу қаҳрамонлар каби иш тутиб, машаққатларни енга олиши ҳақидаги фикрларимни билдирдим. Ўз навбатида, ўқувчилар ҳам мутолаа қилган асарлари, хулосалари ҳақида йиғилганларга сўзлаб беришди. Ижодкор ёшлар ўз ижодлари намуналаридан парчалар келтириб ўтишди.

Фарзандларимизнинг билим олишга бўлган иштиёқи, китобга бўлган меҳри қанчалар катта бўлса, уларнинг маданияти, маънавияти ҳам тобора юксалиб бораверади.

Кўпгина ота-оналар боласига ўқиб берадиган китоблар учун алоҳида вақт ажратишади, бироқ, ҳаммада ҳам бундай эмас. Иложи борича, болага доимо бир вақтда китоб ўқиб бериш лозим, шундагина улар шу пайтни интиқлик билан кутишади. Ўқитиш эса интизом талаб қилади. Агар бола буни хотиржамлик билан қабул қилса, демак бу яхши фойда беради. Китоб уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиради, тасаввур қилиш қобилиятини ўстиради, иқтидорини ривожлантиради.

Биз ёши катталар китоб болаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш билан бирга тарбия қилишнинг энг яхши усули ҳисобланишини унутмаслигимиз лозим. Маънавиятни бойитишдаги китобнинг ўрни беқиёсдир. Шу боис барча ёши катталарга мурожаат қилиб, ёшларимизни китоб ўқишга қайтариш борасида ўз муносиб ҳиссаларини қўшишга даъват қиламан», дея ҳокимнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шундан сўнг, Самарқанд вилоятида китобсеварлар сафини кенгайтириш мақсадида қуйидаги номинациялар бўйича танлов ўтказилиши ва уларга қуйидаги совғалар берилиши эълон қилинган:

  • вилоятдаги энг яхши китобхон оилага мукофот — «Спарк» автомобили;
  • Энг яхши китобхон мактаб (16та биринчи ўрин) — ҳар бир биринчи ўринни эгаллаган мактабга 100 миллион сўмдан пул мукофоти (жами — 1,6 млрд. сўм);
  • Энг яхши китобхона маҳалла (16та биринчи ўрин) — ҳар бир биринчи ўринни эгаллаган Маҳалла фуқаролари йиғинига 100 миллион сўмдан пул мукофоти (жами — 1,6 млрд. сўм).
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид