Спорт | 19:14 / 01.04.2019
16075
7 дақиқада ўқилади

Пойтахтдаги «кавказча дерби», тўпурарликни бошлаб юборган Гужа, салтоси билан қайтган Сервер. Суперлига 2-тур якунлари

31 март куни Суперлигада 2-тур ўйинлари якунланди. Кичик танаффусдан сўнг давом  эттирилган чемпионатнинг иккинчи тури қизиқарли кечди. Тошкент ва водийда дербилар қизиқарли кечди. «Насаф», «Металлург», «Локомотив» ва «Сурхон» мавсумдаги илк ғалабаларии қўлга киритишди. Сервер Жепаров яна Ўзбекистон чемпионатида гол урганини ҳам таъкидлаш керак. Қуйида 2-турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Кавказча похтахт дербиси»ни ютган «Пахтакор» Тошкентни «ўзиники қилишда» давом этади

Турнинг марказий баҳси Тошкентда ўтказилди. «Пахтакор» стадионида «Бунёдкор» расмий мезбон сифатида стадион эгаси «Пахтакор» билан ўйнади. Бу ўйинга бежизга «кавказча дерби» деб ном бермадик. Чунки жамоалардан бирини грузин, бирини арман миллатига мансуб мураббийлар бошқаришини биласиз. Икки кучли мураббийнинг жамоалари чиройли ўйин билан мухлисларни хурсанд қилишди.

Бу баҳсда «Пахтакор»нинг яққол устунлик қилиши кутилганди, бироқ ёш футболчилардан иборат «Бунёдкор» кучли рақибига яхши қаршилик кўрсатди. «Қалдирғочлар» Абрамов ёқтирадиган тўпни назорат қилишга асосланган услубда ўйнашга интилиб, чиройли ўйин кўрсатишди. Шота Арвеладзе ўйиндан кейин аввало рақибнинг чиройли ўйинини мақтагани ҳам бежизга эмас.

«Пахтакор» ҳамшаҳари жиддий қаршилик қилган бўлса-да, салобат билан ғалаба қозонди. Достон Ҳамдамовнинг голидан сўнг ҳисоб катталашиб кетгани кутилганди, аммо «Бунёдкор» бурчак тўпидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Шерзод Аъзамов ва Марко Симичнинг йўқлиги сабаб Арвеладзе марказда Владимир Козакни ўйнатди. Марказда соф марказий ўйинчининг йўқлиги сабаб «Пахтакор» бурчак зарбасидан сўнг гол ўтказиб юборди. Умидли футболчилардан бири Миржаҳон Мираҳмадов мамлакатнинг айни дамдаги энг кучли жамоасига гол урганини таъкидласа бўлади.

«Пахтакор» ҳисоб дуранг бўлгач, яна босимни оширди ва ғалаба голини урди. Ҳал қилувчи голда Жалолиддин Машарипов ва Драган Черан катта саҳнага чиқишди. Жалол яна супер тўп узатишни амалга оширди, Черан эса бош билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Шу тариқа биринчи турда «Локомотив»ни мағлуб этган «Пахтакор» иккинчи турда яна бир дербида «Бунёдкор»ни таслим қилиб, Тошкентни «ўзиники қилишда» давом этди.

Гужа тўпурарликни бошлаб юборди

2-турнинг очилиш ўйини Навоийда ўтказилди. Маҳаллий «Қизилқум» ўз майдонида ОКМКни қабул қилди. Бу баҳсда Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби ОКМКнинг имкониятлари юқорироқ деб қаралаётганди, чунки олмалиқликлар Миржалол Қосимов мураббийлигида Осиё Чемпионлар Лигаси саралашида ҳам тажриба орттиришганди. Бироқ ОЧЛ саралашидаги ва Ўзбекистон Суперкубоги учун ўйиндаги мағлубиятлар Қосимов жамоасининг кайфиятига ҳамон салбий таъсир қилишда давом этаётган кўринади.

Бу ўйинда «Қизилқум» чиройли ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонди. Навоийликларнинг учта голига ҳам легионерлар муаллифлик қилишди. Шу куни ўзининг «Қизилқум» сафидаги дебютини ўтказган никарагуалик Медина Смит жамоасининг биринчи голини уриб, яна бир голга ассистентлик қилди. «Қизилқум»нинг иккита голини жамоанинг ўтган йилдаги энг яхши тўпурари грузиялик Элгужа Григалашвилли урди. Гужа (мухлислар уни шундай чақиришади) битта голини жарима зарбасидан урди. Грузиялик футболчи ўтган йил чемпионатдаги илк ҳет-трик муаллифи бўлганди. Бу мавсумда эса Драган Черандан сўнг иккинчи бўлиб дубль қайт этди.

Сервер ўзининг салтоси билан қайтди

2-турда бир қатор жамоалар мавсумдаги илк ғалабаларини қўлга киритишди. Улардан бири «Металлург» бўлди. Бекободликлар «Бухоро»ни мағлуб этган ўйинда голлардан бирини Сервер Жепаров урди. Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси «Локомотив»дан кетгач, бошқа чемпионатларда ўйнаб, яна Ўзбекистонга қайтди. Эктор Купер мустақиллик давридаги футболимизнинг энг яхши вакилларидан бири бўлган Жепаровни бирор марта йиғинга бўлса ҳам чақирмади, лекин миллий жамоанинг собиқ сардори терма жамоадан ҳали кетмоқчи эмаслигини айтди. Бош жамоамизга муносиб эканини исботлаш учун Сервер бошланишига пенальтидан гол урди. Дарвоқе, Сервер голини машҳур салтоси билан нишонлади. Унинг салтосини мухлислар соғиниб қолишганди...

«Насаф» учта гол урди. Кенжабоев Бэйлга «айланди»

Бирични турни Самарқандда ўтказиб, «Динамо»ни енга олмаган «Насаф» 2-турда хато қилмади ва «Сўғдиёна»ни мағлуб этди. Қаршиликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан яунланган ўйинда Ислом Кенжабоев ажойиб гол урди. Тўпни майдон марказида қабул қилиб олган Кенжабоев бир нечта футболчини алдаб ўтди ва жарима майдончасига кириб борди. «Сўғдиёна» футболчиларининг эътиборсизлиги сабаб дарвозабон билан яккама-якка чиқиб ҳам борди ва гол урди. Исломнинг бу голи Гарет Бэйлнинг Марк Бартрани алдаб, «Барселона»га урган голини эслатди.

«Бунёдкор» фанатлари «Пахтакор»га ҳурмат кўрсатишди

«Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйинида «қалдирғочлар» мухлислари намунали акцияга қўл уришди. Ўйиннинг 79-дақиқасида «Бунёдкор» мухлислари «Пахтакор-79» абадий қалбимизда», деб ёзилган баннер кўтариб, бу билан 1979 йил авиаҳалокатга учраган «Пахтакор» футболчилари хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.

Ҳафта қаҳрамони – Элгужа Григалашвилли

Ўтган турда ҳафта қаҳрамони «Пахтакор»нинг сербиялик легионери Драган Черанни топгандик. Бу турда ҳам легионерлар ўзларини кўрсатишди. «Қизилқум»нинг грузиялик легионери Элгужа Григалашвилли ОКМК билан ўйинда иккита гол урди. Улардан бирини жаримадан. Ҳамон яхши ҳолатда эканини исботлаган Гужани ҳафтанинг энг яхши футболчиси деб топдик.

Мавзуга оид