Жамият | 21:23 / 01.04.2019
5319
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрихонда Шароф Рашидов номли кутубхона китобга тўлдирилди ва янги қиёфага кирадиган бўлди

Андижон вилояти, Шаҳрихон туманининг Аҳмадбек қишлоғида ўтган асрнинг 80-йилларида сиёсий арбоб ва таниқли ёзувчи Шароф Рашидов ташаббуси билан бунёд этилган кутубхона мавжуд.

Ўзгача архитектура ечимига эга Баркамол авлод маҳалласидаги мазкур кутубхона ахборот-ресурс марказига айлантирилганида Андижон Давлат тиббиёт институтига берилган эди.

Туман ҳокими раҳбарлик қилаётган сектор ишчи гуруҳи томонидан маҳалладаги ўрганишлар давомида, кутубхона қаровсиз ҳолга келиб қолгани аниқланди. Айни кунда зиё маскани туман ҳокимлигининг ташаббуси билан кутубхона туман маданият бўлими тасарруфига олинган.

1 апрель куни ташкил этилган тадбирда тумандаги сектор раҳбарлари, туман Кенгаши депутатлари, ташкилот, корхона, муассасалар, ўқувчи ёшлар, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари иштирок этиб, кутубхонага китоблар совға қилдилар. Акция натижасида кутубхона фонди 3500 донага кўпайди.

Тадбирда туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов сўз олиб, кутубхона тез кунларда “Саховат қурилиш” ташкилоти томонидан мукаммал таъмирдан чиқарилишини айтиб,   китобхонликни тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапирди.  

 Элмурод Эрматов, Андижон

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид