Жамият | 22:57 / 02.04.2019
14472
3 дақиқада ўқилади

ҚҚС тўловчилар сони 5 баробарга ортган — ДСҚ биринчи чорак якунларини эълон қилди

Солиқ маъмуриятчилигининг ислоҳ этилиши, амалиётга илғор халқаро тажрибаларнинг жорий этилиши туфайли миллий солиқ соҳасида шаффофлик ва адолатлиликни таъминлашга эришилмоқда, дейилади ДСҚ матбуот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида солиқлардан бюджетга тушум 18,4 триллион сўмни ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,6 баробар кўп демакдир.

Жисмоний ва юридик шахслардан солиқ тушумлари якуний ҳисоблари ҳам фуқаролар тобора қонунга риоя этишаётгани, тадбиркорлар эса соядан чиқа бошлашганидан далолат беради. Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар кўрсаткичи икки баробарга ортган. ҚҚС тўловчилар сони эса 5 баробарга ортган, бу эса 35 минг тадбиркорлик субъектлари дегани.

Танланган иқтисодий йўлнинг бош индикатори сифатида фойда солиғи хизмат қилади. Бу йўналишда биринчи чоракдаги тушумлар кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига таққосланса, ўсиш 2,6 баробарни ташкил этганига гувоҳ бўласиз. Ушбу солиқни тўловчи тадбиркорлар сони 5 баробарга ошиб, 32 минглик кўрсаткичдан ўтган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида сув солиғини 49,7 минг юридик шахс тўлаган бу эса ўтган йилги натижалардан 14,4 баробар кўп дегани.

Ер солиғини тўловчилар сони бу давр ичида 5,8 мартага ўсган ва 75 минг юридик шахсни ташкил этмоқда.

Ушбу йилдан бошлаб жисмоний шахсларнинг даромадларига 12 фоиз миқдорда ягона солиқ ставкасининг жорий этилиши иш ўринларини легаллаштириш учун қўшимча чоғлантириш бўлиб хизмат қилмоқда.   

Энди солиқ ставкасининг пасайтирилиши туфайли меҳнатга ҳақ тўлаш фондига юкни камайтириш эвазига корхоналар ихтиёрида 169 миллиард сўм қолмоқда. Илгари бюджетга тушган 1,7 триллион сўм эса ишчиларда қолмоқда. 

Умуман олганда, чорак мобайнида даромад солиғи тўловчи жисмоний шахслар сони 4,8 миллион кишига етган, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уларнинг сони 450 минг кишига ёки 10 фоизга ошган.

«Солиққа тортиш тизимининг янги концепцияси шаффофлик ва адолатлилик, барча учун тенг шароит яратиш принципларига асосан қурилмоқда, бу эса Давлат бюджети шаклланишининг барқарорлигини таъминлайди. Унинг иш кўрсаткичлари эса юқорида санаб ўтилган, илк марта жамоатчилик эътиборига тақдим этилаётган маълумотлардир», — дейилади ДСҚ матбуот хизмати маълумотида. 

Мавзуга оид