Жаҳон | 16:13 / 03.04.2019
20240
2 дақиқада ўқилади

Душанбеда ҳайдовчилар журналистларнинг ҳазилини чин қабул қилишди

Фото: Asia-Plus

1 апрель куни Тожикистоннинг йирик интернет нашрларидан бири «Азия-плюс» ўқувчилари билан ҳазиллашишга қарор қилди. News.tj сайтида «Душанбеда 1 апрелдан бошлаб маршруткалар тик турган одамлардан ҳақ олмайди» сарлавҳасида хабар пайдо бўлди.

«1 апрелдан бошлаб Душанбеда автобус, троллейбус ва маршруткаларда тик турган ҳолатда кетаётган йўловчилар йўл ҳақидан озод қилинди. Шаҳар ҳокимияти бу билан жамоат транспортидаги тирбандлик муаммосини ҳал қилди. Тик турган ҳолатдаги йўловчиларни олиб кетаётган жамоат транспорти жаримага тортилади», дейилганди хабарда.

Бу ҳазилни чин деб қабул қилган ҳайдовчилар ўтирадиган ўринлар тўлгач, бошқа одам олмай, йўловчиларга «Бахшиш, намегирем» (кечирасиз, ололмаймиз) деб жавоб беришган. Маршруткалар бекатларда одамларни олмагач, йўловчилар шикоят қилишган. Ҳайдовчилар эса дизель қимматлашгани, шундоғам харажатларини қоплай олмаётган вақтда жарима тўлашни истамасликларини айтишган.

Тик турганлар учун йўлкира текинлиги ҳақидаги хабарни тарқатган «Азия-плюс» журналистлари ҳам маршруткалар тўлгач, бекатларда тўхтамаслигидан «жабрланишган». Аёллар машиналар болаларни олмаётганидан арз қилишган. ДАН ходимларидан бири бирорта жамоат транспортида ортиқча одам йўқлигини кўриб шундай дейди: «Бунақасини анчадан бери кўрмагандим».

Тожикистон қонунчилигига кўра, маршруткалар тик турган йўловчиларни ташиганлари учун 55-110 (1 сомоний – 892 сўм) сомони миқдорида жарима тўлашади. Агар бундай қоида бузиш яна такрорланса, жарима миқдори ошади ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши ҳам мумкин. Душанбе шаҳри раҳбарияти маълумотига кўра, айни дамда пойтахтда 2 900та жамоат транспорти воситаси бор ва улардан 80 фоизи хусусий ҳисобланади.

Мавзуга оид