Жамият | 16:15 / 03.04.2019
5558
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири сайёр қабулда 57та мурожаатни ижобий ҳал қилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бухоро вилояти Вобкент туманида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов томонидан вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон, Ромитан, Пешку ҳамда Бухоро туманлари фуқаролари қатнашган мазкур тадбирда 57 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, мурожаатларнинг асосий қисми туғма юрак нуқсони, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, буйрак ва нафас йўллари хасталиклари юзасидан бўлиб, уларнинг аксарияти имтиёзли асосда тегишлилиги бўйича вилоят тиббиёт муассасалари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниши белгиланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Жумладан, кардиологик жарроҳлик операцияси орқали даволанишда амалий ёрдам сўраган вобкентлик Мафтуна Эргашевага Республика ихтисослаштириш хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига даволаш ва операция қилиш учун имтиёзли асосда йўлланма бериладиган бўлди. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжи бор яна бир вобкентлик Жалил Жўраевга шу ернинг ўзида  ногиронлик аравачаси тақдим этилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Шофиркон туманидан Ўғилой Камолова эса бош мия хасталиги билан оғриган набираси Мирзоҳид Хайруллоевнинг даволаниши учун амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат юзасидан вилоят тиббиёт муассасаларидан педиатр, психиатр, невропатолог, ортопед каби етакчи тор мутахассисларни туманга юбориб, беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тажрибали мутахассислар иштирокида консилиум қилган ҳолда вилоят ёки республика тиббиёт муассасаларида даволаш чораларини кўриш белгиланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Сайёр қабулда ромитанлик Дилмурод Саидовнинг муаммоси ҳам ечим топди. У икки томонлама коксартроз операциядан кейинги ҳолат ташхиси билан даволаниш ва операция учун амалий ёрдам сўраган эди. Уни эндопротез билан таъминлаш масаласи шу куннинг ўзида ҳал қилиниб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёзли равишда операция қилиш ва даволаш режалаштирилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ҳозирги кунда жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу маънода, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам ташкил этилаётган сайёр қабуллар тиббиёт ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, халқ билан янада самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий эҳтиёж ва талабларини яқиндан билиш, хусусан, юртимизда кўрсатилаётган кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турлари бўйича ҳал этилмаган муаммо ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш муҳим аҳамият касб этади.

Сайёр қабулда иштирок этган фуқаролар соғлиқ аталмиш улкан бойликни асраб-авайлашда ўз ёрдамини аямаётган шифокорларга ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилган бўлиб, фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти — www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Ҳар бир мурожаат шахсан соғлиқни сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинади ҳамда қонун доирасида ҳал этилади.

Мавзуга оид