Жаҳон | 21:25 / 05.04.2019
4675
3 дақиқада ўқилади

Boeing раҳбари 737 Max ҳалокатларида парвозни назорат қилиш тизими муҳим роль ўйнаганини тан олди

Boeing компанияси бош директори Деннис Меленберг Эфиопияда Boeing 737 Max 8 самолёти ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботга изоҳ берди.

Самолётнинг манёврлик кўрсаткичларини яхшилаш тизими – MCAS ишидаги хатоликлар 737 Max билан боғлиқ охирги иккита ҳалокат – Эфиопиянинг Ethiopian Airlines ва Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниялари самолётлари қулашида муҳим роль ўйнаган.  

Меленберг бу иккита ҳалокатда нима юз бергани ҳақидаги ҳисобот тергов натижаларига кўра давлат идоралари томонидан эълон қилинишини айтган. Бироқ унинг таъкидлашича, Эфиопиядаги авиаҳалокат тергови бўйича дастлабки ҳисобот чиқишидан кейин иккала ҳалокатда ҳам самолётларда ҳужум бурчаги ҳақидаги хато маълумот сабабли MCAS тизими ишга тушгани аён бўлади.

“Соҳа тарихининг кўрсатишича, аксарият бахтсиз ҳодисалар воқеалар занжири сабабли юз беради. Бу ҳолат ушбу ҳодисада ҳам юз берган. Бу хавфни бартараф этиш бизнинг жавобгарлигимиздадир. Биз буни қандай амалга оширишни биламиз”, деб айтган компания раҳбари.

Меленбергнинг маълум қилишича, компания самолётларда қўлланган дастурий таъминотни янгиламоқда, уни сертификатлаш ва жорий қилиш яқин ҳафталарда амалга оширилади.

“Биз ҳамон 737 Max хавфсиз эканига ишонамиз. Унда парвоз қилувчи барча – йўловчилар, борткузатувчилар ва учувчилар, жумладан ўз оилаларимиз ва дўстларимиз энг яхшисига лойиқлар. МАХ MCAS функциясининг янгиланган дастури билан ҳавога қайтганда, дунёдаги энг хавфсиз самолётлардан бирига айланади”, деб қўшимча қилган Меленберг.

Эфиопиядаги ҳалокат 10 март куни Boeing 737 Max самолёти Кенияга учаётганда юз берган. Парвоз олдидан ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Бироқ лайнер ҳавога кўтарилгандан 6 дақиқа ўтиб, радарлардан йўқолган. У Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба яқинида ҳалокатга учраган. Самолётдаги барча 157 киши ҳалок бўлган.

Самолётнинг ҳалокат жойида топилган икки қора қутисидаги маълумотлар ушбу авиаҳалокат 2018 йил октябрда Lion Air самолёти билан юз берган ҳалокатга ўхшашлигини кўрсатган.

Эфиопиядаги ҳалокатдан кейин бутун дунё бўйлаб Boeing 737 Max парвозларига чекловлар киритилганди. 

Мавзуга оид