Иқтисодиёт | 13:45 / 05.04.2019
12777
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши бўйича прогнозни оширди

Фото: Жаҳон банки

Жаҳон банкининг Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича прогнози 2019 йилда 5,1%дан 5,3%гача ўсди. Бу ҳақда ташкилот ҳисоботида айтилади.

Жаҳон банки бозор ислоҳотлари туризм, озиқ-овқат, кимё ва тўқимачилик саноати каби иқтисодиёт секторлари либераллашувига олиб келишини кутмоқда.

Инфляция босими кейинги икки йил ичида сақланиб қолади, бироқ оқибатлари фақатгина 2021 йилга келиб намоён бўлиши кутилмоқда. Шунга кўра, 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 5,5% даражасида, 2021 йилда эса 6% даражасида бўлиши кутилмоқда (бу йиллар бўйича прогноз ўзгармади).

Жаҳон банки прогнозига қараганда, ҳукумат иқтисодиётни кредитлашни чеклайди - бу мамлакатда молиявий интизомни қўллаб-қувватлайди. Аҳоли ҳолатида эса барқарор иқтисодий ўсиш ва чет элдан пул жўнатмалари ижобий роль ўйнаши керак.

Шу билан бирга, ЖБ фикрига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида давлат иштироки ҳамон юқори даражада сақланиб турибди. Бу, мамлакат Россиядаги вазиятга кучли боғлангани билан бирга (шу давлатдан валюта асосий оқими келяпти), мамлакатдаги ҳолатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, дея ҳисоблайди ташкилот.

Бозор ислоҳотларининг кейинги босқичи молия, қишлоқ хўжалиги ва ерларни хусусийлаштириш каби секторларда мураккаб масалаларни ҳал қилишга қаратилган.

Ушбу ўзгаришлар иқтисодий ислоҳотлар учун жуда муҳим ва барқарор ўсиш ҳамда иш ўринларини яратишга олиб келади. Шунингдек, улар жиддий иқтисодий ва ижтимоий хатарларга эга бўлиб, уларни диққат билан ҳисобга олиш, назорат қилиш ва бошқариш керак, дейилади ҳисоботда.

Бундан олдин, ОТБ Ўзбекистонда келгуси икки йилда иқтисодий вазият қандай бўлиши ҳақида прогноз берганди.

Мавзуга оид